Ўзбекистон президенти 5 май куни Коронавирус пандемияси билан боғлиқ жаҳон иқтисодий инқирозининг тўқимачилик ва тикув-трикотаж саноатини ривожлантиришдаги салбий таъсирини юмшатишга қаратилган қарорни имзолади.

Унга кўра, маҳаллий ишлаб чиқарилган базавий сифатдаги пахта толасининг бошланғич нархи Нью-Йорк товар биржасининг энг яқин етказиб бериш ойи учун фьючерс котировкаси қийматидан келиб чиққан ҳолда сотувчи томонидан белгиланади.

Маҳаллий тўқимачилик корхоналарига биржа савдоларида 2020 йил 1 апрелга қадар миллий валютада сотилган пахта толаси учун якуний ҳисоб-китобларни амалга ошириш муддати 90 кундан 150 кунгача узайтирилади.

Импорт қилинадиган 64 турдаги хомашё ва материаллар 2022 йил 1 январга қадар божхона божи тўлашдан озод қилинди.

1 майдан 31 декабрга қадар қўшилган қиймат солиғини қайтаришнинг соддалаштирилган тартиби амал қилади, унга биноан калава ва толадан ташқари, экспорт қилинадиган тўқимачилик ва тикув-трикотаж товарлари (хизматлари) учун фойдаланилган, ҳақиқатда олинган товарлар (хизматлар) бўйича тўланиши лозим бўлган (тўланган) қўшилган қиймат солиғи тўқимачилик ва тикув-трикотаж саноати корхонасининг Ўзбекистон Республикаси тижорат банкларидаги ҳисоб рақамига келиб тушган валюта тушуми суммасидан қатъи назар, ҳисобга олинади ҳамда экспорт қилувчининг ўрнатилган тартибда бериладиган аризасига асосан қайтарилиши шарт.

Бунда, қўшилган қиймат солиғининг қайтарилган суммаси ёки унинг бир қисми товарлар экспорт божхона режими остида чиқарилган кундан эътиборан 180 календарь куни ичида валюта тушуми ёки унинг бир қисми экспорт қилувчининг Ўзбекистон тижорат банкларидаги ҳисоб рақамига келиб тушмаган тақдирда, шунингдек, аризада қайтарилиши кўрсатилган ҚҚС суммаси асослантирилганлигини камерал солиқ текширувидан ўтказиш давомида аниқланган ғайриқонуний ҳисобга олинган ҚҚС суммаси 5 кун ичида пеня ҳисобланган ҳолда Давлат бюджетига қайтарилиши шарт.

ҚҚСни қайтаришнинг белгиланган соддалаштирилган тартиби тўқимачилик ва тикув-трикотаж корхоналарига улар томонидан охирги 12 ой давомида товарлар экспорти амалга оширилган, шунингдек, экспорт қилинган товарлар бўйича 10 минг АҚШ долларидан кўп миқдорда муддати ўтган дебитор қарздорлик мавжуд бўлмаган тақдирда татбиқ этилади. Бунда, товарлар экспорт божхона режими остида чиқарилган кундан эътиборан бир юз саксон календарь куни ичида валюта тушуми экспорт қилувчининг Ўзбекистон тижорат банкларидаги ҳисоб рақамига келиб тушмаган тақдирда, дебитор қарздорлик муддати ўтган деб ҳисобланади.

2020−2025 йилларда амалга ошириладиган инвестиция лойиҳалари, шунингдек, тўқимачилик ва тикув-трикотаж корхоналарини айланма маблағлар билан таъминлаш Ўзбекистон Тикланиш ва тараққиёт жамғармасининг 300 миллион доллар миқдоридаги кредит линиялари маблағлари, тўқимачилик ва тикув-трикотаж саноати учун очилган тижорат банклари кредитлари, халқаро молия институтлари қарз маблағлари ва хорижий банклар кредит линиялари ҳисобига молиялаштирилади.

Ўзбекистон божхона чегараси орқали пахта ип-калаваси ва трикотаж матони олиб чиқишда:

  • 2021 йил 1 январдан бошлаб олиб чиқиладиган ҳар бир килограмм ип-калава учун 0,01 доллар;
  • 2022 йил 1 январдан олиб чиқиладиган ҳар бир килограмм ип-калава ва трикотаж мато учун 0,05 доллар;
  • 2023 йил 1 январдан — 0,1 АҚШ доллари;
  • 2025 йил 1 январдан — 0,2 АҚШ доллари миқдорида йиғим ундирилади.

Давлат томонидан 2020 йилда маҳаллий корхоналардан:

  • қариялар уйларига етказиб бериш учун кийимлар ва пойабзаллар комплектлари, шунингдек, ёлғиз ва кам таъминланган қариялар учун қишки кийимлар ва пойабзаллар комплектлари;
  • Мудофаа вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги ва Фавқулодда вазиятлар вазирлиги тизими ходимлари ва ҳарбий хизматчилари учун формали кийимлар ва пойабзаллар комплектлари;
  • Мудофаа вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги ва Фавқулодда вазиятлар вазирлиги муассасалари, касалхоналар, болалар боғчалари, қариялар уйлари учун чойшаблар, тўшаклар, ёстиқлар, ўрин ёпинғичлари ва бошқа тўқимачилик маҳсулотлари комплектлари;
  • давлат захираси номенклатураси бўйича тўқимачилик ва тикув-трикотаж саноати маҳсулотлари қўшимча харид қилади.

Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги ҳамда «Ўзтўқимачиликсаноат» уюшмасига экспортга йўналтирилган тайёр тикув-трикотаж маҳсулотларига ихтисослашган жаҳон брендлари вакиллари билан ушбу маҳсулотларни Ўзбекистон Республикасида ишлаб чиқаришни ташкил этиш ва тайёр маҳсулотларни, шу жумладан, республиканинг ишлаб турган корхоналари қувватларида тикиш бўйича йирик буюртмаларни шакллантириш юзасидан музокаралар ўтказиш топширилди.

Европа Иттифоқи, Туркия, Корея, Ҳиндистон ва бошқа давлатлардан тикув-трикотаж маҳсулотларини ишлаб чиқариш соҳасидаги етакчи экспертларни мазкур соҳани ислоҳ қилиш бўйича маслаҳатчилар сифатида жалб қилинади.