6 май куни Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев «Республикада картошка етиштиришни кенгайтириш ва уруғчилигини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарорни имзолади. Бу ҳақда ЎзА хабар берди.

Қарорга кўра, картошкачиликка ихтисослаштириладиган туманларда картошкачилик кластерлари ва кооперациялари ташкил этилади. Бунда, уларнинг асосий фаолият йўналишлари қаторида истеъмол ва уруғлик картошка етиштиришда илғор технологиялар, инновацион ечимлар (ноу-хау) ва ресурс тежамкор технологияларни жорий этиш, истеъмол ва уруғлик картошкага бўлган ички бозор талабини қондириш, шунингдек, унинг экспортини кенгайтириш бўлади.

М️аълум қилинишича, истеъмол ва уруғлик картошка, жумладан, унинг супер элита, элита авлодларини етиштиришга туманлар ҳамда ҳудудлар ихтисослаштирилади.

1 майдан бошлаб картошка етиштирувчи фермер хўжаликлари, қишлоқ хўжалиги корхоналари, шунингдек, картошкачилик кластерлари ва кооперацияларининг уруғлик картошка харид қилиш харажатларини молиялаштириш учун уларга 12 ой муддатгача тижорат кредитлари ажратилиши қарорда белгиланган.

Карорга муфофиқ, 2023 йил 1 июлгача бўлган муддатга четдан олиб кирилаётган уруғлик картошка божхона божидан озод этилади.

Шу билан бирга, Фанлар академиясининг Сабзавот, полиз экинлари ва картошкачилик илмий-тадқиқот институти ҳузурида юридик шахс мақомига эга бўлмаган Илмий изланишлар ва инновацион ишланмаларни молиявий қўллаб-қувватлаш, картошка навлари селекцияси ва уруғчилигини ривожлантириш жамғармасини ташкил этилади.

Фанлар академияси Биоорганик кимё институти тасарруфидаги, Тошкент вилояти, Бўстонлиқ тумани, «Сойлиқ» МФЙ ҳудудида жойлашган 17,2 гектар ер майдонини картошканинг маҳаллий навлари бирламчи уруғчилигини йўлга қўйиш мақсадида Сабзавот, полиз экинлари ва картошкачилик илмий-тадқиқот институти тасарруфига ўтказилади.

Қарорда маълум қилинишича, Тошкент вилояти Бўстонлиқ туманидаги «Бурчмулло» давлат ўрмон хўжалигининг «Писком» массиви ҳудудидаги бўш турган ер майдонларида юқори авлодли уруғлик картошка етиштириш йўлга қўйилади.

Ш️унингдек, Тошкент, Самарқанд, Наманган ва Қашқадарё вилоятларида 2020 йил 1 ноябрга қадар ҳудудларда «in vitro» лабораториялари ташкил этилади.