6 май куни Қозоғистон бош вазири ўринбосари Скляр Роман Васильевич бошчилигидаги делегация Сардоба сув омбори тўғонининг бузилиши ва кейинчалик Қозоғистон ҳудудини сув босиши ҳолати ўрганиш ҳамда вазият юзасидан Ўзбекистон билан умумий ҳаракатлар алгоритмини ишлаб чиқиш мақсадида Сирдарёга ташриф буюрди. Бу ҳақда Сирдарё ҳокимиятининг матбуот хизмати маълум қилди.

Хабарга кўра, Қозоғистон бош вазири ўринбосари бошчилигидаги делегацияни Ўзбекистон бош вазири ўринбосари С.Умурзоқов ва вилоят хокими Ғ.Мирзаевлар кутиб олишди.

Маълум қилинишича, мазкур ташрифдан кўзланган мақсад Сардоба сув омбори тўғонининг бузилиши ва кейинчалик Қозоғистон ҳудудини сув босиши ҳолати ўрганиш ҳамда вазият юзасидан Ўзбекистон билан умумий ҳаракатлар алгоритмини ишлаб чиқиш бўлган.

Делегация вертолёт авиацияси ёрдамида Сирдарё сув омбори атрофи ҳудудларини кўздан кечирган.

Шунингдек, Қозоғистондаги Туркистон вилояти ва Ўзбекистон Сирдарё вилояти ўртасидаги ўзаро дўстлик, хамкорлик, кўмак масалалари ҳамда аҳамиятга молик долзарб масалалар юзасидан фикр алмашилди, дейилади хабарда.

Эслатиб ўтамиз, 1 май куни эрталаб Сирдарё вилоятидаги Сардоба сув омборида тўғон ўпирилиши содир бўлди. Сув тошқини натижасида Ўзбекистон билан чегарада жойлашган Козоғистондаги Мактаарал туманининг 5 қишлоғида 845 та уй ҳамда 7639 гектар пахта майдонлари сув остида қолган. Тошқиннинг дастлабки зарари миқдори 404 млн тенге ёки 955 минг долларни ташкил этмоқда.

Шу ўринда, Қозоғистон Ташқи ишлар вазирлигининг расмий вакили Айбек Смадияров мамлакатда вазият юзасидан Ҳукумат комиссияси тузилган, унга бош вазир ўринбосари Роман Скляр бош бўлиб 6 май куни умумий ҳаракатлар алгоритмини ишлаб чиқиш учун у Ўзбекистонга ташриф буюриши ҳақида маълум қилганди.

Шу билан бирга, Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг топшириғи билан шу куннинг ўзида Ўзбекистон сув тошқини оқибатларини бартараф этишда кўмаклашиш учун Қозоғистонга 209 нафар шахсий таркиб, 169 та қишлоқ хўжалиги, муҳандислик ва ёнғин-қутқарув техникаларидан иборат қўшимча куч ва воситалар жўнатди.