Сув хўжалиги соҳасидаги лойиҳаларни амалга ошириш агентлигига янги раҳбар тайинланди. Бу ҳақда ЎзА хабар бермоқда.

Вазирлар Маҳкамасининг қарори асосида Бахтиёр Баходирович Камалов Сув хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Сув хўжалиги соҳасидаги лойиҳаларни амалга ошириш агентлиги директори этиб тайинланди.

У ҳозирги пайтга қадар Агросаноат мажмуи ва озиқ-овқат таъминоти соҳасидаги лойиҳаларни амалга ошириш агентлиги бош директорининг биринчи ўринбосари сифатида фаолият олиб бораётган эди.

1979 йил Тошкент шаҳрида туғилган Б.Камалов Тошкент давлат аграр университети ва Тошкент молия институтларини битирган.

Фаолияти давомида 2010 йилдан 2016 йилгача Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Қишлоқ хўжалиги корхоналарини таркибий қайта тузиш агентлиги Бош директорининг ўринбосари, Халқаро тараққиёт уюшмаси иштирокидаги «Қишлоқ хўжалиги корхоналарини қўллаб-қувватлаш. II-босқич» лойиҳаси менежери сифатида ишлаган.

Маълумот учун, Сув хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Сув хўжалиги соҳасидаги лойиҳаларни амалга ошириш агентлиги Вазирлар маҳкамасининг 2020 йил 29 январдаги қарори билан ташкил этилган эди.

Агентлик сув хўжалиги тизимини такомиллаштиришга қаратилган хорижий инвестициялар, халқаро молия институтлари ва хорижий ҳукумат молия ташкилотлари маблағлари ҳамда бюджет маблағлари ҳисобидан молиялаштириладиган лойиҳаларни амалга оширилиши, шунингдек, лойиҳаларни амалга ошириш гуруҳлари ва буюртмачи функциясини бажарувчи ҳудудий «Сувқурилишинвест» давлат унитар корхоналари фаолиятини мувофиқлаштирувчи ваколатли давлат органи ҳисобланади.