Республика махсус комиссиясининг қарорига кўра карантин чоралари даражасига кўра ҳудудлар қизил, сариқ ва яшилга ажратилган.

Қарорга кўра, автотранспорт воситаларининг стикерсиз, шунингдек, мототранспорт ва велосипедларнинг ҳаракатланишига «яшил» ҳудудларда рухсат берилади. «Сариқ» ва «қизил» ҳудудларда автотранспорт воситалари стикерсиз ҳар куни 07:00 дан — 10:00 гача, 17:00 дан — 20:00 гача ҳаракатланиши мумкин.

Бундан ташқари, «яшил» (Навоий, Жиззах ва Қашқадарё вилоятлари) ва «сариқ» (Тошкент шаҳри, Хоразм ва Сурхондарё вилоятлари) тоифадаги ҳудудларда йўналишсиз таксиларга йўловчи ташишга, сартарошхона ва гўзаллик салонлари ҳамда савдо мажмуалари фаолият юритиши рухсат берилади.

Бунда қуйидаги талаблар бажарилиши зарур:

  • йўналишсиз таксилар — йўловчи ташиш учун автотранспорт воситаси салонида ҳайдовчи ўриндиғи йўловчилар ўриндиғидан шаффоф пластик ёки махсус плёнка билан тўсилган бўлиши, ҳайдовчи ва йўловчи тиббий ниқобда бўлиши (тиббий ниқобсиз йўловчини ташиш тақиқланади), йўловчиларни автотранспорт воситаси салони орқа ўриндиғига ўтказилиши ҳамда фақат ўз (автотранспорт воситаси давлат рўйхатидан ўтказилган) ҳудудида ҳаракатланиши лозим;
  • сартарошхона ва гўзаллик салонлари — хизмат кўрсатувчи шахслар томонидан шахсий ҳимоя воситалари — тиббий халат ёки комбинезон, тиббий ниқоб (N 95 ёки устма-уст 2 та оддий спанбонд ниқобли), юзни тўлиқ тўсадиган ҳимоя маскаси ва тиббий қўлқопдан фойдаланган ҳолда «1 та хизмат кўрсатувчи шахс — 1 та мижоз» тамойили асосида ижтимоий масофани сақлаган ҳолда ишлаши лозим;
  • савдо мажмуалари — қатъий ижтимоий масофани сақлаган ҳолда рухсат этилади, бунда савдо мажмуасининг аттракцион, кўнгилочар, овқатланиш бўлинмалари, кинотеатр ва ўйин майдончалари фаолиятига рухсат берилмайди.

Ҳудудларнинг тўлиқ рўйхатини ва уларга қўйиладиган карантин чекловларини қуйидаги ҳаволада кўришингиз мумкин.