Ўзбекистон Олий Мажлиси Сенати Кенгашининг 6 май куни бўлиб ўтган мажлисида парламент юқори палатасининг тўртинчи ялпи мажлисини жорий йил 11 май куни чақириш тўғрисида қарор қабул қилинди. Бу ҳақда Сенат матбуот хизмати хабар қилди.

Видеоконференцалоқа шаклида ўтказиладиган ялпи мажлисда 20 та масала, шу жумладан, 10 та Қонун кўриб чиқилиши режалаштирилган.

Ялпи мажлисда, жумладан, қуйидаги қонунлар кўриб чиқилади:

  • «Саломатлик» орденини таъсис этиш тўғрисида"ги;
  • «Соғлом турмуш» медалини таъсис этиш тўғрисида"ги;
  • «Фахрий мураббий» орденини таъсис этиш тўғрисида"ги;
  • «2020 йил учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети тўғрисида"ги Қонунга ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида"ги;
  • «Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида доимий прописка қилиниши лозим бўлган шахслар — Ўзбекистон Республикаси фуқаролари тоифаларининг рўйхати тўғрисида"ги Қонунга ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида"ги.

Шунингдек, сенаторлар томонидан Ўзбекистоннинг Евроосиё иқтисодий иттифоқи билан ҳамкорлиги тўғрисидаги масала ҳам кўриб чиқилади.

Ялпи мажлисда «Илм, маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили» Давлат дастурининг 2020 йил биринчи чорагидаги ижроси юзасидан Вазирлар Маҳкамасининг, Омбудсман, Ҳисоб палатаси, Бош прокурор ва Марказий банк бошқаруви раисининг 2019 йилдаги фаолияти тўғрисидаги ҳисоботлари эшитилиши ҳам назарда тутилмоқда.