«Ўзархив» агентлиги Иккинчи жаҳон уруши қаҳрамонлари хотирасига бағишланган Xotira.archive.uz сайтини ишга туширди. Бу ҳақда агентлик матбуот хизмати хабар берди.

Мазкур веб-сайт Иккинчи жаҳон урушида қозонилган Ғалабанинг 75 йиллиги олдидан Иккинчи жаҳон урушида фашизм устидан қозонилган ғалабага Ўзбекистон халқининг қўшган муносиб ҳиссасига бағишлаб яратилган.

Агентликнинг маълум қилишича, ушбу веб-сайтни давлат архивларига келиб тушаётган архив ҳужжатлари билан доимий бойитиб, такомиллаштириб бориш режалаштирилган. Айни пайтда сайтда агентликнинг архивидан олинган «Уруш қаҳрамонлари» ҳақидаги маълумотлар, «Фото-галерея» ҳамда «Ҳужжатлар» қисмида Иккинчи жаҳон урушидан аскарларнинг мактублари, шу даврдаги газета парчалари ва бир қатор муҳим ҳужжатлар мавжуд.

Сайтнинг «Халқ хотираси» қисми Россиянинг Pamyat-naroda.ru веб-сайтига йўналади. Унда, ҳар бир киши урушда иштирок этган аждодларининг (ота-она, бува-буви) исми-шарифини киритиб, уларнинг жангавор ҳаёт йўли (қачон урушга юборилган, қайси фронт чизиғида хизмат қилган, жанговар мукофотлари) ҳақида маълумотларга эга бўлиши мумкин.

Маълумот учун, бугунги кунда республикада 3 та миллий, 100 та давлат архивлари ва уларнинг 7 та филиаллари, 11 та нодавлат, 109 та шахсий таркиб ҳужжатлари давлат архивлари ва Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ҳамда Тошкент шаҳар архив иши бошқармалари (14) фаолият юритмоқда. Бунда, 103 та давлат архивларида 12,8 млн сақлов бирлигидан ортиқ, шу жумладан 8,4 млн Миллий архив фонди ҳужжатлари, 3,3 млн шахсий таркиб ҳужжатлари ва 1,1 млн вақтинча сақлов муддатига эга ҳужжатлар сақланмоқда.