Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти (ЕХҲТ)нинг Ўзбекистондаги лойиҳалари координатори Жон МакГрегор 5 май куни Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман)га шахсий ҳимоя воситаларини топширди. Бу ҳақда омбудсман матбуот хизмати «Газета.uz»га хабар қилди.

Беғараз юк таркибидан тиббий ниқоб, қўлқоп, махсус ҳимоя кийимлари ва антисептик воситалар ўрин олган.

Шахсий ҳимоя воситалари жазони ижро этиш муассасаларида Миллий превентив механизм доирасида жамоат ташкилотларини жалб қилган ҳолда мониторинг ўтказишда фойдаланилади.

Мазкур беғараз ёрдам ЕХҲТнинг Ўзбекистондаги лойиҳалари координатори ва омбудсман ўртасида имзоланган «Миллий превентив механизмнижорий этишга кўмаклашиш» лойиҳаси доирасида амалга оширилди.

Маълумки, тергов ҳибсхоналаридаги ва жазони ўташ муассасаларидаги шахсларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) томонидан Миллий превентив механизм доирасида амалга оширилади.