Россия президенти Владимир Путин номидан қорақалпоғистонлик Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиларига эсдалик медаллари топширилади. Бу ҳақда Қорақалпоғистон Вазирлар Кенгаши ахборот хизмати маълум қилди.

Иккинчи жаҳон уришида эришилган ғалабанинг 75 йиллиги муносабати билан Россия президенти Владимир Путин номидан Қорақалпоғистонлик 596 нафар уруш иштирокчиларига, фронт ортида меҳнат қилган фуқароларга «75 лет победы в Великой Отечественной Войне 1941−1945 гг.» эсдалик медали топширилади.

Бунда, Россия президенти номидан топшириладиган эсдалик медалини олиш ҳуқуқига эга бўлган шахс 2020 йил 1 январдан сўнг вафот этган бўлса, медаль уларнинг оила аъзоларига топширилади, дейилади хабарда.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистонда Иккинчи жаҳон уруши қаҳрамонлари хотирасига бағишланган Xotira.archive.uz сайти ишга туширилгани ҳақида хабар берилганди.