Коронавирус пандемиясига қарши курашиш Қозоғистонга 13 млрд долларга тушди, дея маълум қилди президент Касим-Жомарт Токаев ТАСС агентлигига берган интервьюсида.

Унинг сўзларига кўра, мамлакат COVID-19 тарқалишига қарши чораларни амалга ошириш учун 5,5−6 трлн тенге (13 млрд долларга яқин) ёки ялпи ички маҳсулотнинг 8 фоиздан кўпроғини сарфлади.

«Чоралар мисли кўрилмаган даражада. Мен буни атайлаб қиляпман, гарчи, албатта, танқидлар мавжуд бўлса ҳам, шу жумладан фуқаролар вертолёт пуллари деб аталадиган пулларни сочаяпсиз, дейишаётган бўлса ҳам. Баъзида уларни шундай дейишади. Лекин менинг фикримча, биз биринчи навбатда фуқароларимизнинг ҳаёти ва фаровонлиги учун курашишимиз керак. чунки халқсиз иқтисод бўлмайди», — деди у.

Қозоғистоннинг инқирозга қарши чоралари пенсия ва нафақаларни 10 фоизга ошириш, ишини йўқотган, жумладан ўзини ўзи банд қилган, норасмий ишлаган қозоғистонликларга 42,5 минг тенгеден (100 доллар) бир марталик пул тўловини тарқатиш, 1 июлга қадар бепул тиббий ёрдам, аксарият одамлар учун озиқ-овқат ёрдами, фермерлар учун ёрдам, ойлик маош жамғармасига солиқ тўловидан озод қилиш, миллий компаниялар орқали тўғридан-тўғри молиявий ёрдам ва бошқаларни ўз ичига олади.

Ўзбекистон эса бугунги кунда коронавирус пандемиясига қарши курашга Инқирозга қарши кураш жамғармасидан 2,25 трлн сўм (222 млн доллар), халқаро молия институтлари маблағларидан 500 млн доллар йўналтирди.