Сурхондарё мавжуд эпидемиологик вазият туфайли «сариқ», яъни ўрта хавфли ҳудудга киритилди. Бу ҳақда вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати хабар қилди.

Қайд этилишича, вилоят бўйича 6 май кунига қадар 41 нафар шахс коронавирус инфекциясига чалингани аниқланган. Шу кунгача уларнинг 29 нафари касалликдан бутунлай соғайган. 12 нафари айни пайтда вилоят юқумли касалликлар шифохонасида даволанмоқда.

Даволаётганларнинг 6 нафари жорий йилнинг 28 март куни Москва — Термиз йўналишида чартер рейс билан келган фуқаролар, 3 нафари касалликка чалинган ушбу фуқароларга хизмат кўрсатиш жараёнида юқтириб олган воҳадошимиз, яна 3 нафари эса Россиядан транзит йўналишида вилоятга кириб келган юк машиналари ҳайдовчиларидир. Уларнинг аҳволи қониқарли, тиббиёт ходимлари томонидан халқаро стантдартлар асосида муолажалар олиб борилмоқда.

Маълумот ўрнида, Сурхондарё коронавирус инфекциясига чалинганлар кўрсаткичи бўйича республикада Тошкент шаҳри (668 нафар бемор), Бухоро вилояти (435), Хоразм вилояти (232), Наманган вилояти (230), Андижон вилояти (165), Фарғона вилояти (158),Самарқанд вилояти (140), Қорақалпоғистон Республикаси (109)дан кейинги тўққизинчи ўринда турибди.

Қашқадарё вилояти эса эпидемиологик вазиятга кўра «яшил» ҳудуд сифатида белгиланди. Вилоят ҳокими Зойир Мирзаев чоршанба куни ўз мурожаатида 7 майдан бошлаб Қаршида йўналишсиз таксиларга рухсат берилишини (йўловчилар сони 3 кишидан ошмаслиги керак) маълум қилди. Бунда Damas ва автобусларга ҳозирча рухсат берилмайди.

Сартарошхоналар, савдо дўконлари (маҳсулотлар ташқарига ёйилмаган бўлиши керак), шунингдек, меҳмонхоналар (нонуштасиз) фаолиятга санитария қоидаларига риоя этилган ҳолда рухсат берилади.

Аҳоли мотоцикл, скутер ва велосипедларда ҳаракатланиши мумкин. Қарши ичида куннинг ҳар қандай вақтида шахсий автомобилдан фойдаланиш мумкин, бироқ ҳайдовчининг аниқ мақсади бўлиши керак.

Аввалроқ Самарқанд ва Наманган вилоятлари эпидемиологик вазият бўйича «қизил» ҳудудга киритилгани маълум қилинган эди.

Эслатиб ўтамиз, 5 май куни Президент раислигида ўтказилган видеоселектор йиғилишида мамлакатдаги эпидемиологик ҳолатдан келиб чиқиб, карантин қоидалари босқичма-босқич юмшатилиши билдирилди. Шунингдек, вилоят, туманлар ва шаҳарлар «қизил» (юқори хавфли), «сариқ» (ўрта хавфли) ва «яшил» (хавфсиз) ҳудудларга ажратилиши белгиланди.