Тошкент давлат транспорт университети ташкил этилади. Бу ҳақда Транспорт вазирлигининг матбуот хизмати хабар берди.

Хабарга кўра, Республика транспорт соҳаси учун юқори малакали кадрлар тайёрлаш, тизимни илғор хорижий тажриба ва халқаро стандартлар асосида тубдан такомиллаштириш, таълим жараёнига ўқитишнинг инновацион услублари ва ахборот технологияларини кенг жорий этиш ҳамда соҳанинг илмий салоҳиятини янада ошириш мақсадида мамлакат президентининг «Транспорт соҳасида кадрлар тайёрлаш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида» ги қарори қабул қилинди.

Мазкур қарорга мувофиқ, Тошкент темир йўл муҳандислари институти, Тошкент автомобиль йўлларини лойиҳалаш, қуриш ва эксплуатацияси институти ҳамда Тошкент давлат техника университетининг авиакосмик технологиялари факультети бирлаштирилиб, Тошкент давлат транспорт университети ташкил қилинмоқда.

Эслатиб ўтамиз, 2020 йилнинг 27 февраль куни Транспорт вазирлиги томонидан ишлаб чиқилган «Транспорт соҳасида кадрлар тайёрлаш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлар тўғрисида» президент қарор лойиҳаси норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалар муҳокамасига чиқарилган эди. Унда, вазирлик Тошкент транспорт университетини ташкил этиш тўғрисидаги таклифини илгари сурганди.