Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 5 май куни бўлиб ўтган видеоселектор йиғилишида 1 май куни Сирдарё вилоятида жойлашган Сардоба сув омбори тўғони ўпирилиши ва сув тошқини айбдорлари қонун олдида жавоб беришини ишонтириб маълум қилди. Бу ҳақда давлат раҳбари матбуот хизмати хабар берди.

«Халқимиз бир нарсадан кўнгли тўқ бўлиши керак, ҳеч қандай ортиқча гап-сўзларга ва миш-мишларга ўрин бўлмаслиги лозим. Менинг топшириғимга кўра ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан сув тошқини билан боғлиқ воқеа юзасидан объектив, холис ва кенг қамровли тергов ҳаракатлари бошланган. Халқимизни ишонтириб айтаман, тергов якунлари бўйича барча айбдорлар, ким бўлиши ва эгаллаб турган лавозимидан қатъи назар, қонун олдида жавоб беради», — деди президент.

«Бу сув тошқини биз учун аччиқ сабоқ бўлди, — деди Шавкат Мирзиёев. — Шу сабабли сув омбори масаласида биз халқаро экспертларни жалб этган ҳолда тўғоннинг барча дамбаларини чуқур экспертизадан ўтказамиз. Фақат шундан кейингина якуний хулосага келамиз».

Шунингдек, давлат раҳбарининг топшириғи билан ҳозирги кунда тегишли давлат органлари томонидан кучли ёғингарчилик сабабли эрозия юзага келиши мумкин бўлган барча гидроиншоотлар, тўғонлар ва ГЭСларда текширув ишлари олиб борилмоқда.