Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 5 май куни бўлиб ўтган видеоселектор йиғилишида Сардоба сув омбори тўғонининг бузилиши натижасида юзага келган сув тошқинидан қўшни Қозоғистоннинг айрим аҳоли пунктларини ҳам сув босганига муносабат билдирди.

Давлат раҳбарининг маълум қилишича, Қозоғистон президенти Қасим-Жомарт Тоқаев билан телефон орқали мулоқотда бу масала ўзаро тушуниш ва очиқлик руҳида атрофлича муҳокама қилиб олинган. Туркистон вилояти ҳокими Умирзоқ Шукеев бошчилигидаги делегация воқеа жойида бўлиб, вазиятни ҳар томонлама чуқур ўрганди.

«Биз қардош қозоқ халқи билан азал-азалдан бир дарёдан сув ичиб, ўзаро қуда-анда бўлиб, эт билан тирноқдек яқин бўлиб яшаганмиз. Қувончли кунларда ҳам, синовли дамларда ҳам ҳамиша бир-биримизга елкадош бўлиб, қўллаб-қувватлаб келганмиз. Ушбу кутилмаган техноген офат нафақат аҳолимизга, балки қўшни қозоқ биродарларимизга ҳам ортиқча ташвиш ва зиён етказганидан жудаям хижолатдамиз. Уларнинг аҳоли яшаш жойлари ва экин майдонлари зарар кўрганидан, албатта, биз жуда афсусдамиз», — деди давлат раҳбари.

Шавкат Мирзиёев ҳукумат, тегишли вазирлик ва идоралар, маҳаллий ҳокимликлар, бошқа мутасадди ва мутахассислар қозоғистонлик ҳамкасблари билан биргаликда табиий офат оқибатларини бартараф этиш бўйича, албатта, яқиндан ҳамкорлик қилишини таъкидлади.

«Биз қозоғистонлик биродарларимизга табиий офат оқибатларини бартараф этишда керакли ёрдам беришга ҳам тайёр эканимизни билдирдик», — деди президент.