Сенат текшируви натижасида Андижон вилоятида маҳаллий бюджет маблағларидан мақсадли ва самарали фойдаланмаган ҳолатлар аниқланган. Бу ҳақда парламент юқори палатасининг матбуот хизмати маълум қилди.

Хабарга кўра, 4 май куни Сенатда Андижон вилоятида бюджет маблағларидан мақсадли ва самарали фойдаланиш бўйича ўтказилган ўрганиш якунларини муҳокама қилиш бўйича онлайн видеоконференция тарзида қўшма масофавий мажлис бўлиб ўтди.

Мажлисда ўрганиш якунлари бўйича Олий Мажлис Сенати ҳамда Ҳисоб палатаси томонидан маълумотлар берилиб, Ўзбекистон президенти топшириқлари ижросини таъминлаш, Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси маблағлари ҳамда инвестиция дастурлари доирасидаги лойиҳаларни амалга оширишдаги муаммолар ва масъулларнинг жавобгарлиги муҳокама қилинди.

Ўтказилган таҳлиллар натижасида маҳаллий бюджетга 92 млрд сўмдан зиёд қўшимча даромадларни жалб этиш имконияти мавжудлиги ҳисоб-китоб қилинган. Бандликни таъминлаш ва янги иш ўринларини яратишга маҳаллий бюджетлар қўшимча манбаларининг 40 фоизи сарфланиши белгиланган, лекин бу мақсадларга мазкур маблағлардан умуман ажратилмаган. Шунингдек, қўшимча манбаларнинг 10 фоизи жамоатчилик фикри асосида шакллантирилган тадбирларга сарфланиши лозим бўлгани ҳолда умуман сарфланмаган. Қўшимча манбалар ҳисобидан қарийб 112,4 млрд сўм манбасиз ва мақсадсиз харажатларга йўл қўйилган.

Жумладан, аҳолининг ичимлик суви таъминотини яхшилашга ажратилган 4,9 млрд сўмлик маблағлар самарасиз сарфланганлиги ҳисобига 2018 йилда фойдаланишга топширилиши белгиланган Хонобод шаҳридаги «Тейит», «Фозилмон» ва «Хидирша» МФЙлар, Андижон туманидаги «Нўхатак» МФЙ, Хўжаобод туманида жойлашган «Хидирша» МФЙда сув тармоқларини қуриш ишлари якунига етказилмаган ва аҳоли ичимлик суви билан таъминланмагани маълум қилинди.

Шунингдек, мажлисда вилоятдаги 9 та ижтимоий соҳа объектини қуриш ва мукаммал таъмирлаш ишлари учун тузилган лойиҳа-смета хужжатларида кўзда тутилган 1,2 млрд сўмлик жиҳоз ва ускуналар ўрнига бошқа турдаги жиҳоз ва ускуналар ўрнатилганлиги сенаторлар томонидан танқид қилинди.

Жумладан, Избоскан туманидаги 29-сонли умумтаълим мактаби биносини реконструкция қилиш лойиҳа-смета ҳужжатидаги қиймати 342 млн сўмлик 2 дона иситиш печи ўрнига лойиҳа-сметада кўзда тутилмаган, нархи номаълум, аввал фойдаланилган 2 дона иситиш печи ўрнатилган.

Сенат аъзолари аниқланган ҳолатларга жиддий эътироз билдириб, қатор мутасаддиларни интизомий жавобгарликка тортиш юзасидан таклифлар киритди. Бунда, мажлисда маҳаллий бюджетлар қўшимча даромадлари ҳисобидан ажратилган маблағлардан мақсадли ва самарали фойдаланиш йўналишида аниқланган ҳолатларга ҳуқуқий баҳо бериш юзасидан тўпланган материаллар Андижон вилояти прокуратурасига тақдим этилганлиги маълум қилинди.