3 май куни Узун туманида Lacetti автомобили ва икки нафар вояга етмаган бола иштирокида фожиали ЙТҲ содир бўлди. Бу ҳақда ИИВ ЙҲХББ матбуот хизмати хабар қилди.

Ҳодиса соат 20:00ларда туманнинг Ўзбекистон маҳалласи ҳудудидан ўтувчи 4R-108 В автомобиль йўлининг 9- км да содир бўлди. Ҳайдовчи Д.Г. (1983 й.т.) транспорт воситасини бошқариб кетаётиб, йўлнинг белгиланмаган жойидан кесиб ўтаётган пиёдалар Р.Ш. (2012 й.т.) ва Ш. Х. (2013 й.т.)ни уриб юборган.

Натижада, пиёда 8 ёшли Р.Ш. кўрсатилган тиббий муолажаларга қарамасдан шифохонада вафот этган. Вояга етмаган пиёда 7 ёшли Ш. Х. тан жароҳати олиб шифохонага ётқизилган.

Мазкур ҳолат юзасидан Узун тумани ИИБ ТБ томонидан тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.