Давлат хизматлари агентлиги томонидан аҳолига янада қулайлик яратиш мақсадида, манфаатдор вазирлик ва идоралар билан ҳамкорликда туғилиш билан боғлиқ бўлган давлат хизматларини композит тарзда кўрсатиш тартибини босқичма-босқич жорий этиш режалаштирилмоқда. Бу ҳақда агентлик хабарида маълум қилинади.

Бунда, туғруқхонадан бола туғилганлиги тўғрисида маълумотнома бериш, ФҲДЁ бўлимида бола туғилганлигини қайд қилиш, болани отаси ёки онасининг доимий яшаш манзилига рўйхатга қўйиш, фарзанд туғилганда бериладиган бир марталик нафақа пулини олиш, поликлиникага рўйхатга қўйиш ва болани мактабгача таълим муассасасига навбатга қўйиш каби ҳаракатлар электрон равишда бир вақтда амалга оширилади.

Давлат хизматлари агентлигининг маълум қилишича, ушбу давлат хизматидан фойдаланиш учун биргина ФҲДЁ бўлимига мурожаат қилишнинг ўзи кифоя.

Мазкур давлат хизматларининг композит тарзда кўрсатилиши фуқаролар томонидан ортиқча ҳужжат тўплаш, давлат идоралари ўртасида сарсон бўлиб, эшикма-эшик юришларига барҳам беради, дейилади хабарда.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ ДХА жисмоний ва юридик шахсларга электрон рақамли имзо калити ва сертификатини масофадан туриб олиш хизматини жорий этган эди.