Сардоба сув омборидаги сув тошқини оқибатида 70 мингга яқин фуқаро Сирдарё ва Жиззах вилоятлари ҳудудига эвакуация қилинган эди. Эвакуация туфайли аксарият фуқаролар зарур ҳужжатларсиз қолишган, дея хабар бермоқда Давлат хизматлари агентлиги ахборот хизмати.

Ҳозирги вақтда Давлат хизматлари агентлиги раҳбарияти Сирдарёда бўлиб, жойларда аҳоли билан учрашмоқда. ДХА Жиззах вилояти бошқармаси мутахассислари ҳужжатлари йўқолган фуқаролар рўйхатини шакллантирмоқда.

Жумладан, Жиззах олимпия захиралари мактаб-интернати ётоқхонасига жойлаштирилган 239 нафар Оқолтин тумани аҳолисининг 32 нафарида туғилганлик, никоҳ қайд этилганлик гувоҳномалари, фуқаролик паспорти, кадастр ҳужжатлари йўқолганлиги аниқланган. Уларга Давлат хизматлари марказлари томонидан экстерриториаллик тамойили асосида мазкур ҳужжатлар қайта расмийлаштириб берилади.

Маълумотга кўра, Арнасой, Дўстлик, Мирзачўл, Пахтакор, Ғаллаорол туманлари ва Жиззах шаҳрига жами 10 629 нафар Сирдарё вилояти фуқаролари эвакуация қилинган. 3 апрель куни 1 608 нафар фуқароларнинг паспорт, гувоҳнома ва бошқа ҳужжатлари мавжудлиги юзасидан мониторинг ўтказилган. Шундан 292 фуқаронинг 94 нафарида паспорт, 134 нафарида туғилганлик, 64 нафарида никоҳни қайд этиш гувоҳномаси мавжуд эмаслиги маълум бўлган.

Хабарда айтилишича, ҳодисадан талофат кўрганлар учун Жиззах шаҳар Давлат хизматлари марказида инсонпарварлик ёрдами тўпланиб, ушбу буюмлар вилоятнинг Дўстлик туманига жойлаштирилган 4 070 нафар сирдарёликларга юборилмоқда.