Ўзбекистон Марказий банки коронавирус пандемияси сабабли 2020 йилда мамлакат ялпи ички махсулотининг ўсиш суръатлари кўзланган 5,2−5,5 фоиздан 1,5−2,5 фоизгача пасайишини кутмоқда. Бу ҳақда Марказий банк томонидан тақдим этилган «2020 йилнинг I чораги учун пул-кредит сиёсати шарҳи» да маълум қилинди.

Аввалроқ бош вазир ўринбосари — иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазири Жамшид Қўчқоров Ўзбекистон ялпи ички маҳсулотининг ўсиш суръати 2020 йилнинг биринчи чораги якунларига кўра 4,1−4,4 фоиз атрофида бўлганлиги ҳақида маълум қилганди. 2019 йил якунларига кўра, Ўзбекистон ялпи ички маҳсулоти 5,5 фоизга ўсган.

«Марказий банкнинг дастлабки ҳисоб-китобларига кўра, 2020 йилда реал ялпи ички маҳсулот (ЯИМ)нинг ўсиш суръати 1,5−2,5 фоизгача секинлашиши кутилмоқда», — дейилади ҳисоботда.

Марказий банкнинг дастлабки прогнозларига асосан Ўзбекистонда туризм, меҳмонхона бизнеси, халқаро транспорт, кўнгил очар соҳалар, спорт, эксклюзив хизматлар ва бошқа соҳаларда ўсиш суръатларининг сезиларли даражада пасайиши кутилмоқда.

Хисоботда таъкидланишича, жорий ҳисоб-китоблар 2020 йилда якуний истеъмол харажатлари 1,4 фоизгача пасайиши ва ялпи асосий капиталга инвестицияларнинг ўсиш суръати 2019 йилдаги 34 фоиздан 2020 йилда 6,4 фоизгача секинлашиши мумкинлигини кўрсатмоқда.

«Шу билан бирга, олтин нархининг ўсиши ва мева-сабзавот экспортининг кўпайиши давлат бюджети ва хўжалик юритувчи субъектларнинг даромадларига ижобий таъсир кўрсатади ва маълум даражада солиқ тушумлари камайиш бўйича таъсирларни юмшатади», — дея шарҳда қайд этилган.

Инқирозга қарши жамғарманинг шакллантирилиши ва унга халқаро молия институтлари маблағларининг ҳам жалб қилиниши, шунингдек, карантин даврида даромадларини йўқотган аҳолига ёрдам бериш учун махсус жамғармаларга маблағлар йиғилиши каби чоралар пандемиянинг салбий оқибатларини юмшатиш имконини беради.

Марказий банкнинг шарҳида таъкидланишича, коронавирус пандемиясининг иқтисодиётга таъсир кўлами ва давомийлиги бўйича ноаниқликлар сақланиб қолмоқда.

«Ташқи иқтисодий шароитларнинг ёмонлашиши шароитида мамлакатимизга кириб келадиган трансчегаравий пул ўтказмалари йиллик миқдори ўтган йилга нисбатан сезиларли даражада қисқариши кутилмоқда», дейилади шарҳда.

Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, трансчегаравий пул ўтказмалари ҳажми ўтган йилга нисбатан 30−35 фоизга қисқаради. Ўтган йили бу кўрсаткич 6,01 миллиард долларни ташкил этган эди. Пандемия туфайли 2020 йилда пул ўтказмалари ҳажми 4 миллиард долларгача пасайиши мумкин.

Марказий банкнинг ҳисоб-китобларига кўра, апрель-июль ойларида пул ўтказмаларининг камайиши (ўтган йилнинг мос даврига нисбатан ойлик) 50 фоизга етиши мумкин ва кейинчалик босқичма-босқич тикланиш кузатилади. Шундай қилиб, апрель ойида бу кўрсаткич 200 млн доллардан пастга тушди ва октябрь ойига қадар 500 миллион доллардан ошиши кутилмоқда.