1 май куни Сирдарё вилоятида «Сардоба» сув омборида тўғон ўпирилиши натижасида шикастланган электр тармоқларида тиклаш ишлари олиб борилмоқда. Бу ҳақда «Ҳудудий электр тармоқлари» матбуот хизмати хабар қилди.

Издан чиққан электр энергияси таъминотини тиклаш ва ҳодиса оқибатларини бартараф этишга 100 нафардан ортиқ ходим, 50 дан зиёд махсус техникалар жалб қилинди. Фарғона, Андижон, Наманган ва бошқа вилоятлардан ҳам махсус техника ва зарур жиҳозлар билан Сардобага етиб келган.

Ҳозирда офат етган ҳудудларда трансформатор пунктларини сув ювиши натижасида вужудга келган лой ва чиқиндилардан тозалаш, шунингдек, тошқин натижасида яроқсиз ҳолга келган таянч устунларни янгисига алмаштириш ишлари олиб борилмоқда.

Шу билан бир қаторда, табиий офат оқибатларини бартараф этиш мақсадида ҳудудга келган ҳарбий хизматчилар ва бошқа кўнгиллилар учун қурилган вақтинча яшаш жойларини электр энергияси билан таъминлаш ишларига алоҳида аҳамият қаратилмоқда, дейилади хабарда.

Дастлабки маълумотларга кўра, зарар кўрган ҳудудларда «Балиқчи», «А. Таиров», «Уч том», «Янги ҳаёт» нимстанциялари сув остида қолиши натижасида 8 мингдан ортиқ истеъмолчи электр энергиясидан узилиб қолган.

Эслатиб ўтамиз, президент Шавкат Мирзиёев табиий офат етган ҳудудларда бўлиб жабр кўрган аҳоли вакиллари билан учрашуви чоғида ҳудудларга биринчи галда электр энергияси ва табиий газ таъминоти тез фурсатларда тикланиши ҳақида айтиб ўтган эди.