Марказий банк ўзининг «2020 йилнинг I чораги учун пул-кредит сиёсати шарҳи»да пандемиядан кейинги иқтисодий тикланиш ҳақида жаҳон тажрибасига қисқача тўхталган. Унга кўра, иқтисодий зарарнинг ҳажми ва иқтисодий тикланиш тезлиги вирусли инфекция тарқалишининг олдиниши олиш бўйича чораларнинг самарадорлиги ва пандемиянинг тўлиқ йўқ қилиниш муддатига боғлиқ.

Хусусан, тадқиқот натижаларига кўра, 1918−1919 йилларда АҚШнинг кўп штатларида испан гриппи пандемияси ва 2003 йилда Осиёда SARS эпидемияси давридаги қатъий карантин чоралари, улар қисқа муддатли иқтисодий пасайишга олиб келган бўлсалар ҳам, пандемияни тезда бартараф этишга ва иқтисодий фаолликнинг тез тикланиши учун зарур шарт-шароитларни яратишга хизмат қилган.

Шу билан бирга, баъзи Европа мамлакатларида ва АҚШнинг бир қатор штатларида испан гриппининг пандемиясига қарши қатъий чораларни кўрмаслик вируснинг тарқалиши билан боғлиқ иқтисодий инқирознинг чўзилишига ва натижада кенгроқ ҳажмдаги иқтисодий йўқотишларга олиб келди.

«Халқаро тадқиқотлар натижалари шуни кўрсатадики, карантин даври тугаганидан сўнг, иқтисодиёт, шу жумладан, карантин чекловларидан энг кўп зарар кўрган соҳаларга пандемияга қадар бўлган даражасига қайтиши учун ўртача 3−12 ой керак бўлади», — дейилади Марказий банкнинг ҳисоботида.

Хусусан, электротехника ва енгил саноат, қурилиш материаллари саноати, қурилиш ишлари, молиявий ва тиббий хизматлар соҳаларида иқтисодий фаолликнинг тезроқ (ўртача тикланиш даври 2−3 ой) тикланиши аниқланган.

Шу билан бирга, қуйидаги соҳаларда иқтисодий фаоллик нисбатан секин тикланади:

  • туризм соҳасида — 5−10 ой (Мексикада 2013 йилда H1N1 пандемияси — 5 ой, Жанубий Кореяда MERS эпидемияси — 6 ой, 2003 йилда Гонконг ва Хитойда SARS эпидемияси — мос равишда 5 ой ва 10 ой);
  • хизматлар ва чакана савдода — 4 ой;
  • йўловчи ташишда — 3−7 ой, шу жумладан ҳаво транспорти — 5 ой (2003 йилда Осиё мамлакатларида SARS эпидемияси);

Ушбу тармоқларда иқтисодий фаолликнинг нисбатан секин тикланиши карантин чекловларининг нисбатан кеч олиб ташланиши ва аҳолининг пандемиядан кейинги ҳолатларга мослашиши учун маълум бир вақт талаб қилиниши билан боғлиқ. Умуман олганда, халқаро тадқиқотлар шуни кўрсатмоқдаки, пандемиянинг салбий оқибатларини минималлаштириш ва иқтисодий фаолликнинг тезроқ тикланишини таъминлашнинг асосий омилларидан бири бу вирус тарқалишига қарши ўз вақтида ва қатъий (агрессив) карантин чораларини қўллаш орқали пандемияни имкон қадар тезроқ бартараф этишдир.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Марказий банк коронавирус пандемияси сабабли 2020 йилда мамлакат ялпи ички махсулотининг ўсиш суръатларини қайта қўриб чиққанлиги ҳақида маълумот берганди.