Маулен Ашимбаев Қозоғистон Республикаси парламентининг Сенатига раис этиб сайланди. Бу ҳақда мамлакат сенатининг матбуот хизмати хабар берди.

Қозоғистон президенти Қосим-Жомарт Тоқаев иштирокида бўлиб ўтган Сенат йиғилишида, сенаторлар бир овоздан Маулен Ашимбаевнинг сенат раислигига номзодини қўллаб-қувватлашган. Унинг номзоди президент томонидан кўрсатилган. Олдинроқ Ашимбаев давлат раҳбари қарори билан сенат аъзоси бўлганлиги ҳақида хабар берилган эди.

«Ҳозирги кунда энг долзарб муаммо — бу жаҳон бўйлаб тарқалган пандемия билан курашдир. Фавқулодда ҳолат тугатилганидан сўнг, давлат раҳбари айтганидек, барча давлат органларининг асосий вазифалари Елбаси сиёсатининг давомийлигини таъминлаш ва мамлакат ривожланиши, аҳоли фаровонлиги ҳамда иқтисодий ривожланишга қаратилган Президент стратегиясини ҳаётга татбиқ этишдан иборат бўлади», — дея таъкидлаган Ашимбаев.

Бундан олдин Ашимбаев Президент девони раҳбарининг ўринбосари сифатида фаолият юритиб келаётган эди.

У фаолияти давомида Қозоғистон президенти ёрдамчиси, «Нур Отан» партияси раисининг ўринбосари, Хавфсизлик кенгаши котибининг ўринбосари ва бошқа лавозимларда ишлаб келган. Мутахассислиги бўйича иқтисодчи.

Олдигроқ Қозоғистон биринчи президентининг қизи Дариға Назарбоева Сенат раиси лавозимидан озод этилганлиги ҳақида хабар берилган эди. Бунинг сабаблари ҳақида маълумот берилгани йўқ.