Сирдарё вилоятидаги Сардоба сув омбори тўғонидан сув чиқиши оқибатида камида 56 киши жароҳатланган, дея хабар бермоқдаФВВ матбуот хизмати раҳбари Мурод Содиқов.

ФВВ маълумотларига кўра, жума куни соат 17:00 атрофларида гидроиншоотдан сув чиқиши тўхтаган. Омбордан оқиб чиққан сув Оқолтин туманидаги Абай каналига йўналтирилган ва Жиззах вилоятидаги Арнасой кўлига олиб чиқилган.

Ҳозирги вақтда тўғон ёрилган жойда таъмирлаш ишлари давом этмоқда.

Вазирликнинг таъкидлашича, фавқулодда вазиятнинг биринчи дақиқаларидаёқ Сардоба сув омбори ҳудуди атрофида истиқомат қиладиган 70 минг аҳоли хавфсиз ҳудудларга эвакуация қилинган ҳамда Сирдарё ва Жиззах вилоятлари ҳудудида ташкил этилган махсус муассасаларга жойлаштирилган.

Бундан ташқари, яна минг кишига мўлжалланган қўшимча жойлар ҳам тайёрланмоқда. Эвакуация қилинган фуқароларни озиқ-овқат, дори-дармон ва ухлаш ҳамда дам олиш жойлари билан таъминлашмоқда.

«Ўз ўрнида, ҳозирги эпидемиологик вазиятни инобатга олган ҳолда барча ишлар санитария-гигиена нормаларига асосан ташкил этилган. Бир вақтнинг ўзида эвакуация қилинганларнинг рўйхати тузилмоқда. Ҳозирги вақтга қадар жароҳатланганлар ҳақида маълумотлар ҳам маълум бўлди. 56 нафар фуқаро турли хил жароҳатлар билан шифохонага ётқизилган. Умуман 17,3 минг киши тиббий кўрикдан ўтган», — дея таъкидлади ФВВ матбуот хизмати раҳбари Мурод Содиқов.

Олдинроқ президент матбуот хизмати хабар берганидек, Сардоба сув омборининг тўғони 1 май куни эрталабги қаттиқ ёмғир ва шамол туфайли қисман қулаб тушган. Аҳоли яшаш жойлари, коммуникация тармоқлари ва қишлоқ хўжалиги майдонларига катта талофот етган. Турар-жойлар ва бошқа обьектларни сув босган. Эвакуация қилинган аҳоли хавфсиз туманлардаги мактаблар, коллежлар ва тиббиёт муассасаларига жойлаштирилган. Жабр кўрганларнинг бир қисмини бошқа маҳаллалар аҳолиси ўз уйига қабул қилишган.

Воқеа жойига вертолётда етиб борган президент Шавкат Мирзиёев шароит яхши бўлмагунча бирорта раҳбар ҳеч қаерга қимирламаслигини таъкидлади.

Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ҳузурида кол-марказ фаолият юритмоқда. Қўнғироқлар 1205 ва 1250 қисқа рақамларида қабул қилинади.