Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ИИВ ва Миллий гвардия вакиллари билан ҳамкорликда сув омбори тўғони ёрилиши оқибатида сув тошиши содир бўлган Сирдарё вилоятининг Сардоба туманида фаоллик билан қидирув-қутқарув ишларини олиб бормоқда.

ФВВ матбуот хизматининг хабар беришича, сув остида қолган ҳудудларни кўзда кечириш вақтида дарахтлар, бино томлари ва баланд жойларга чиқишга улгурган одамларни аниқламоқда. Улар моторли қайиқларда хавфсиз ҳудудларга эвакуация қилинмоқда, у ерда тиббий ва психологик ёрдам олмоқда.

Вазирлик маълумотларига кўра, айни вақтда 20 нафардан зиёд фуқаро қутқарилди. Ҳалок бўлганлар ҳақида ҳозирча маълумотлар йўқ.

Сув тошқини оқибатларини бартараф этиш учун Сардоба туманида ФВВ ва бошқа тузилмалар мутахассислари фаолият олиб бормоқда. Ҳар бир вилоятдан жабрланганларга ёрдам учун инсонпарварлик юкларидан иборат карвонлар етиб келмоқда. Юклар озиқ-овқат маҳсулотлари, кийим-кечак, дори-дармон ва шахсий гигиена воситаларидан иборат.

ФВВ ходимлари Сирдарёда эвакуация қилинганлар учун 1000 кишилик чодирли лагер барпо этмоқда.

Эслатиб ўтамиз, Сардоба сув омбори тўғонининг ёрилиши натижасида катта ҳудуд сув остида қолди. 70 мингга яқин аҳоли эвакуация қилинди. Жума куни тахминан 17:00 га келиб сув чиқиши тўхтади. Ҳозирда қирғоқни мустаҳкамлаш ишлари олиб борилмоқда. Ҳодиса жойига Ўзбекистон президенти ҳам етиб борди.