Такси ҳайдовчилари ҳозирча йўловчиларни ташишлари мумкин эмас. Бу ҳақда Ўзбекистон ИИВ ЙҲХББ мультимедиа марказининг видеосюжетида айтилади.

«Етказиш хизматларини кўрсатадиган такси йўналишлари автомобилларига ҳозирча йўловчи ташишга рухсат берилгани йўқ, лекин Тошкентдаги баъзи ҳайдовчилар ҳам етказиб бериш, ҳам йўловчи ташиш билан шуғулланишмоқда», — дейилади сюжетда.

ЙПХ инспектори Акбар Хакимов роликда айтишича, 30 апрель куни Тошкентдаги Маҳтумқули кўчасида Nexia ҳайдовчиси тўхтатилган. Унда етказиб бериш хизматларига рухсат берувчи ҳужжатлар бўлган, лекин автомобилда йўловчи бўлган.

Ўз навбатида, ИИВ олдинроқ «Газета.uz»га шахсий ва хизмат енгил машиналари ҳаракатланиши мумкин бўлган вақт оралиғида (соат 07:00 дан 10:00 гача ва 17:00 дан 20:00 гача) таксилар ҳам йўловчиларни ташиши мумкин эканлиги ҳақида хабар берган эди. 30 апрель куни йўловчи ташиш хизмати тикланганлиги ҳақида MyTaxi ҳам хабар берган эди.

1 май куни MyTaxi раҳбари Акмаль Пайзиев йўловчи ташиш учун рухсат таксиларга тааллуқли эмаслигини маълум қилди. Бу ҳақда «Газета.uz» таҳририятига мурожаат қилган такси ҳайдовчилари ҳам айтишмоқда.

Адлия вазирлиги ва Koronavirus info Telegram-канали орқали тарқатилган хабарларда 30 апрелдан бошлаб фуқароларга иш жойига бориб келиши, тиббий буюмлар, дори воситалари, озиқ-овқат ва биринчи навбатда зарур бўлган маҳсулотларни харид қилиш учун соат 07:00 дан 10:00 га ҳамда 17:00 дан 20:00 га қадар барча турдаги шахсий ва хизмат енгил автотранспорт воситалари (йўловчилар билан бирга) ҳаракатланишга рухсат берилганлиги ҳақида маълумот берилган эди.


Ўз навбатида, «Газета.uz»нинг ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларидаги манбаларининг маълум қилишича, карантин чораларини юмшатиш бўйича ўтказилган президент раислигидаги йиғилишдан кейин қабул қилинган махсус комиссия протоколида «йўловчилар билан бирга» дейилган банд мавжуд эмас. Комиссиянинг протоколлари очиқ манбаларда эълон қилинмаган.