1 май куни Ўзбекистоннинг Сирдарё вилоятида жойлашган Сардоба сув омборидан сув чиқиши натижасида қўшни Қозоғистоннинг бир қанча аҳоли пунктларида ҳам сув тошиши содир бўлди. Бу ҳақда «Казинформ» агентлиги хабар тарқатди.

«Ўзбек томони асосий сув оқимларини пасайтириш учун суғориш каналлари тармоғида шлюзларни очди. Натижада Туркистон вилоятининг Мақтаарал тумани чегарадош коллекторларида сув кўтарилиб, каналлардан сув чиқиши ва аҳоли пунктларида сув тошишига олиб келди», — дейилади хабарда.

Туман ҳокимлиги 2 май куни 01:30 гая қин техноген характердаги фавқулодда ҳолат эълон қилиш ҳамда Женис, Жана Турмыс ва Нурлы жол аҳоли пунктларидан аҳоли ва чорва молларини эвакуация қилиш тўғрисида қарор қабул қилди. 5400 нафардан зиёд фуқаро эвакуация қилинди.

Эслатиб ўтамиз, Сардоба сув омбори тўғонининг ёрилиши натижасида катта ҳудуд сув остида қолди. 70 мингга яқин аҳоли эвакуация қилинди. Жума куни тахминан 17:00 га келиб сув чиқиши тўхтади. Ҳозирда қирғоқни мустаҳкамлаш ишлари олиб борилмоқда. Ҳодиса жойига Ўзбекистон президенти ҳам етиб борди.