30 апрель куни Жаҳон банки директорлар кенгаши Ривожланиш сиёсатини қўшимча молиялаштириш ҳаракати (SDPF) доирасида Ўзбекистонга 200 миллион доллар ажратишни маъқуллади. Бу ҳақда «Газета.uz»га Жаҳон банкининг Тошкентдаги ваколатхонаси маълум қилди.

Унга кўра, бу маблағлар соғлиқни сақлаш, ижтимоий фаровонлик ва мамлакат иқтисодиётига COVID-19 коронавирус пандемиясининг таъсирини камайтиришга ва иқтисодий тармоқларни қўллаб-қувватлашга йўналтирилади.

Ушбу молиялаштириш солиқ тушумларининг сезиларли даражада камайиши ва ҳукуматнинг инқирозга қарши дастури доирасида давлат харажатларининг кутилмаган даражада кўпайиши шароитида давлат бюджетига қўшимча маблағлар билан таъминлайди.

«Жаҳон банки томонидан тақдим этилаётган қўшимча молиявий ресурслар Ўзбекистон ҳукуматининг пандемия тарқалишининг олдини олиш ҳамда унинг аҳоли ва миллий иқтисодиётга таъсирини пасайтиришга йўналтирилган инқирозга қарши дастурини амалга оширишга кўмаклашади», — дея таъкидлайди Жаҳон банкининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Ҳидеки Мори.

Ажратилган ёрдам, 2019 йил июнь ойида Жаҳон банкининг директорлар кенгаши томонидан тасдиқланган 500 миллион доллар миқдоридаги Ўзбекистондаги иқтисодий ислоҳотларни қўллаб-қувватлаш билан боғлиқ. Ривожланиш сиёсатини қўшимча молиялаштириш ҳаракати (SDPF) доирасида қўшимча молиялаштиришнинг сабаби «пандемия олдидан ҳукумат томонидан кўрсатилган ушбу ислоҳотларни амалга оширишда сезиларли ютуқлар, шунингдек, коронавирус туфайли келиб чиққан иқтисодий инқироз натижасида давлат бюджетининг кутилмаган тақчиллигидир», дейилади ваколатхонанинг хабарида.

Юқорида айтиб ўтилган 200 млн доллар Жаҳон банки томонидан 24 апрелда тасдиқланган 95 млн долларлик молиявий пакетига қўшимча ҳисобланади. Эслатиб ўтамиз, ушбу маблағлар Ўзбекистоннинг «COVID-19 коронавируси инфекциясига шошилинч жавоб» лойиҳасида белгиланган ҳукумат томонидан миллий соғлиқни сақлаш тизимларини ва ижтимоий ҳимоя қилишни яхшилашга қаратилган чора-тадбирларни амалга ошириши учун ажратилган.