30 апрель куни Туркий кенгаш мамлакатлари транспорт вазирларининг видеоконференсия шаклидаги навбатдан ташқари йиғилиши бўлиб ўтди, дея хабар қилди Ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизмати.

Тадбирда Озарбайжон, Қирғизистон, Қозоғистон, Туркия, Ўзбекистон, Венгриянинг тегишли вазирликлари раҳбарлари ҳамда Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгаши бош котиби иштирок этди.

Коронавируснинг янги турига қарши кураш шароитида транспорт оператсиялари узлуксизлигини таъминлаш йўллари муҳокама қилинди.

Вазирлар «Шарқ-Ғарб» Транскаспий халқаро транспорт йўлаги орқали юкларни ташишда енгилликлар яратиш ва глобал пандемия оқибатларининг минтақа давлатлари иқтисодига салбий таъсирини бартараф қилиш учун зарур чораларни кўриш имкониятини муҳокама қилдилар.

Онлайн-учрашув қатнашчилари транспорт квоталари, транзит ҳужжатлари, аъзо давлатлар ўртасидаги йиғимлар ва ҳайдовчилик визалари йўналишларида ўзаро имтиёзлар тақдим қилиш имкониятини кўриб чиқишга келишиб олдилар.

Каспий денгизи бўйича Ро-Ро йўналишида йиғимларни пасайтириш, зарур қўшимча транзит ҳужжатларини тақдим қилиш ва бир-бирларининг ҳудудларидан ўтиш учун тўловларни ўзаро бекор қилиш ҳам муҳокама қилинди.

Йиғилишда юк ташувлари ва логистикани самарали мувофиқлаштириш ҳамда долзарб муаммоларга тезда ечим топиш мақсадида томонларнинг транспорт ва савдо вазирликлари ҳамда божхона бошқармалари вакилларидан иборат мақсадли гуруҳ тузиш тўғрисида қарор қабул қилинди.

2016 йил январь ойида Озарбайжон, Қозоғистон, Грузия ва Украина Хитой, Қозоғистон, Озарбайжон, Грузия ва ундан кейин Туркия ва Украинадан Европага ўтадиган Транскаспий халқаро транспорт йўналиши (ТХТЙ) бўйлаб юк ташиш учун рақобатбардош имтиёзли тарифларни белгилаш тўғрисида протокол имзолаган эди. Ўша йилнинг октябрь ойида ТХТЙ халқаро ассотсиацияси Қозоғистон пойтахтида ўз ваколатхонасига эга бўлди.

2009 йил октябрь ойида ташкил этилган Туркий кенгаш замонавий туркий давлатларни бирлаштирган халқаро ташкилот бўлиб, унинг асосий мақсади ушбу давлатлар ўртасидаги ҳар томонлама ҳамкорликни ривожлантиришдир. Унга Озарбайжон, Қозоғистон, Қирғизистон, Туркия ва Ўзбекистон киради, Венгрия кузатувчи сифатида қатнашади. Апрель ойи бошида кенгашга аъзо давлатлар раҳбарлари видеоконференцияда коронавирус тарқалишига қарши биргаликда ҳаракатларни муҳокама қилдилар.