Фавқулодда вазиятлар вазирлиги Сардоба сув омборидан сув чиқиши бўйича маълумот берди.

Унга кўра, 1 май куни соат 05:55да Сирдарё вилоятида жойлашган «Сардоба» сув омбори тўғонининг 6-пикет деворида сув чиқиши юзага келган. Бунинг оқибатида Сардоба тумани Қўрғонтепа аҳоли яшаш пунктига сув кирган.

Маълум қилинишича, мазкур вазият бўйича зудлик билан Сирдарё вилояти Фавқулодда вазиятлар бошқармаси ҳамда фавқулодда вазиятларда уларнинг олдини олиш ва ҳаракат қилиш давлат қуйи тизимига кирувчи ташкилотлар билан ҳамкорликда Қўрғонтепа аҳолисини «Бирлик» маҳалласига вақтинча эвакуация қилиш ишлари давом этмоқда.

Шунингдек, сув босиши хавфи мавжуд бўлган аҳоли пунктларини хавфсиз ҳудудларга эвакуация қилиш ишлари олиб борилмоқда. Ҳолат Фавқулодда вазиятлар вазирлиги томонидан тўлиқ назоратга олинган, дейилади хабарда.