Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев тўғон ўпирилиши оқибатида Сардоба сув омборидан сув тошиб чиққан ҳудудни кўзда кечириш учун Сирдарё вилоятига келди. Бу ҳақда «Ўзбекистон 24» телеканали хабар берди.

Таъкидланишича, давлат раҳбари ҳудуд устидан вертолётда учиб ўтди. «Аҳолида ваҳима қўзғалиши учун ҳеч қандай сабаб бўлмаслиги керак», — дея қўшимча қилди канал.

Аввал хабар берганимиздек, 1 май куни соат 05:55да Сирдарё вилоятида жойлашган «Сардоба» сув омбори дамбасининг 6 пикет деворида сув чиқиши юзага келган. Бунинг оқибатида Сардоба тумани Қўрғонтепа аҳоли яшаш пунктига сув кирган. Фавқулодда вазиятлар вазирлиги маълумотларига кўра, Қўрғонтепа, Дўстлик, Юртдош МФЙлардан жами 11598 нафар аҳоли Мирзаобод туманига эвакуация қилинган.

Бундан ташқари, аҳолини Оқолтин туманидаги «Абдуалим» МФЙ аҳолисини эвакуация қилиш ишлари бошланган. Бундан ташқари, сув босиш хавфи бўлган Сардоба туманидаги «Қуйтош» МФЙ «Ота юрт» МФЙ ва «Бирлик» МФЙлардан аҳолини эвакуация қилиш режалаштирилмоқда.