Президент фармонига мувофиқ, Тошкент давлат юридик университети «юриспруденция» мутахассислиги бўйича юридик кадрларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш бўйича базавий олий таълим ва илмий-методик муассаса этиб белгиланлиги ҳақида хабар берилган эди.

Бундан ташқари, ТДЮУда Халқаро ҳуқуқ ва қиёсий ҳуқуқшунослик факультети (Факультет) ташкил этилади.

Ушбу йўналишда кадрларни тайёрлаш бўйича «Газета.uz» саволларига ТДЮУ Халқаро ҳуқуқ ва инсон ҳуқуқлари кафедраси мудири, юридик фанлар доктори Дилдора Умарханова жавоб берди.

Юридик таълим соҳасида қандай муаммолар мавжуд?

Ҳаммамиз биламизки, бугунги кунда юқори малакали мутахассис-ҳуқуқшуносларни тайёрлаш ва мамлакатда юридик фанни ривожлантиришга тўсқинлик қилаётган қатор тизимли муаммо ва камчиликлар мавжуд. Шулардан бири, замонавий талабларга жавоб берадиган ва илғор халқаро юридик тажриба эга бўлган юқори малакали кадрлар тайёрлашдир. Бежиз эмаски, бу каби масалалари қабул қилинган Фармонда юридик таълим ва фанни янада ривожлантиришнинг устувор йўналишлардан бири сифатида белгиланди.

Бу каби устувор йўналишларига эришиш йўлида, «юриспруденция» мутахассислиги бўйича юридик кадрларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш бўйича базавий олий таълим ва илмий-методик муассасаси сифатида Тошкент давлат юридик университети зиммасига жуда катта масъулиятли иш юклатилди. Хусусан, хорижий давлатлар олий таълим мауссасалари билан ҳамкорликни ўрнатиш, хорижий ҳуқуқни ўрганиш ва тадқиқ этиш марказларини ташкил этиш ҳамда уларнинг фаолияти самарадорлигини ошириш кабилар.

Турли давлатлар ҳуқуқини тадқиқ қилиш марказлари нима учун ташкил этилмоқда?

Маълумки, 2005-йилдан бери Тошкент давлат юридик университетида Нагоя университети (Япония) билан ҳамкорликда ташкил этилган Япон ҳуқуқини тадқиқ қилиш маркази фаолият юритиб келади. Мазкур марказнинг фаолияти давомида юзлаб талабаларимиз Японияда таҳсил олиб қайтиш имкониятига эга бўлди. Буларнинг орасида кўплари магистратура ва докторантурани ўқиб қайтиб мамлакатимизнинг давлат органларида ва бошқа бир қанча ташкилотларда фаолият юритаётган бўлсалар, яна бошқалари эса Япония университетларида профессор, Япония компанияларида етакчи ҳодимлар сифатида ишлаб келмоқдалар.

Фармонда кўрсатилган 2020 йилда Регенсбург университети (Германия Федератив Республикаси) билан ҳамкорликда ташкил этиладиган Немис ҳуқуқи ва қиёсий-ҳуқуқий тадқиқотлар маркази ҳам мана шундай кўплаб талабаларимизга немис тили ва ҳуқуқини ўргатиб, келгусида Германияда таълим олиш ва ўз билимлари ҳамда дунёқарашларини ошириш имкониятини яратиб беради.

Бундан ташқари, шуни ҳам алоҳида таъкидлаб ўтишимиз жоизки, бундай марказларнинг мавжуд бўлиши юртимизнинг инвестицион жозибадорлигини ҳам оширмай қолмайди. Чунки, Германия ва Япония бугунги кунда мамлакатимизнинг энг яқин ҳамкорларидан биридир. Ушбу мамлакатлардан кириб келадиган йирик инвестицион компаниялар юртимизда қонунларга мувофиқ эмин-эркин фаолият юрита олишлари учун Ўзбекистон қонунчилигини ва жамиятини яхши биладиган ҳамда ушбу билимларни япон ва немис инвесторларига етказиб бера оладиган юридик кадрларга эҳтиёж сезади.

Биз бу билан тўхтаб қолганимиз йўқ. Буюк Британия ва Хитой давлатлари олий таълим муассасалари билан ҳам ушбу мамлакатларнинг қонунчилигини ўрганиш юзасидан ҳамкорлик алоқаларини ўрнатиш бўйича музокаралар олиб борилмоқда. Натижада, инглиз ва хитой ҳуқуқини ўрганиш марказларини ташкил этиш масаласи кун тартибида турибди.

ТДЮУ да нима учун янги факультет ташкил этилди?

Хабарингиз борки, қабул қилинган Фармонга кўра, университетимизда Халқаро ҳуқуқ ва қиёсий ҳуқуқшунослик факультети ташкил этилди. Мазкур факультет ҳам юқорида айтиб ўтилган марказлар билан ҳамкорликда фаолият олиб бориши талабаларимизнинг билимларини янада яхшилашга, хорижий ҳуқуқ ва ҳуқуқий тизимларни қиёсий тадқиқ қилишга имкон яратади.

Шулар қаторида, хорижий давлатларнинг етакчи олий таълим муассасалари билан тизимли асосда стажировка, профессор-ўқитувчилар таркиби ва талабалар алмашинувини ташкил этиш ҳам асосий вазифалардан бири сифатида белгиланди. Ушбу факультетда ўқиган талабалар нафақат миллий қонунчилигимизни, балки хорижий ҳуқуқни ўрганиш марказларида тадқиқ этган чет эл қонунчилигини ва ҳуқуқий тизимини ҳам ўрганиб, хорижий мамлакатларнинг юксак тажрибаларини миллий қонунчилигимизга киритиш ва халқимиз манфаатларини ҳимоя қилувчи адолатли қонунларни ишлаб чиқишда, келгусида, ўз хиссаларини қўшади.

Фармонда белгиланган бир қатор вазифалардан келиб чиқиб, янги ташкил этилган Факультет негизида хорижий таълим муассасалари ва халқаро ташкилотлар билан ҳуқуқ соҳасида қўшма тадқиқот, ўқув-таълим ва бошқа лойиҳаларни ташкил этилади ҳамда ўқув жараёнга хорижий олий таълим муассасаларининг профессор-ўқитувчилари таркиби фаол жалб этилади. Бу эса, халқаро майдонларда Ўзбекистон манфаатларини ҳимоя қилувчи юқори малакали мутахассис-ҳуқуқшуносларни таёрлаш учун замин яратади.