Сардоба сув омбори худудида турадиган аҳоли Янгиер шаҳрига эвакуация қилинди, дея хабар берди шаҳар ҳокимлиги матбуот хизмати.

Хабарга кўра, 1 май куни «Сардоба» сув омбори дамбасининг 6-пикет деворидан сув чиққани ҳақида фавқулодда хабар берилганидан кейин зудлик билан сув омбори худудидан эвакуация қилинган аҳолини Янгиер шаҳрига қабул қилиш бўйича ишлар амалга оширилди.

Ишчи штаб томонидан Мирзаобод туманидаги «Беруний», «Пахтаобод», «Балиқчи», «Ҳақиқат», «Баҳористон», «Янгиовул» ва «Дўнгариқ» маҳаллаларидан вақтинчалик эвакуация қилинган 2 минг нафардан зиёд аҳоли Янгиер педагогика ҳамда тиббиёт коллежлари, Гулистон давлат университетининг Янгиердаги педагогика факультети ҳамда Янгиер Футбол академияси биносига жойлаштирилди.

Эвакуация қилинган фуқаролар Янгиер шаҳрида қуйидагича жойлаштирилди:

  • Педагогика коллежи ётоқхонасига 700 нафар;
  • Тиббиёт коллежи ётоқхонасига 150 нафар;
  • Гулистон давлат университетининг Янгиердаги педагогика факультети ётоқхонасига 600 нафар;
  • Футбол академияси ётоқхонасига 300 нафар фуқаро.

Ушбу жараёнларга 50 та микроавтобус, 10 та тез тиббий ёрдам бригадаси, 50 нафар ўрта тиббиёт ходими, 15 нафар шифокор жалб этилди, дейилади хабарда.

Қайд этилишича, шундай фавқулодда шароитда бир қанча тадбиркорлар, саховатпеша инсонлар ва ҳомийлар томонидан эвакуация қилинган фуқароларга зарурий озиқ-овқатлар, ичимлик суви, ниқоб, антисептик восита, бир марталик қўлқоплар ва бошқа тиббиёт воситалари етказиб берилмоқда.

Шунингдек, Гулистон туман ҳокимлиги томонидан ҳам озиқ-овқат маҳсулотларидан иборат ҳомийлик ёрдами келтирилган.

Вазият тўлиқ назоратга олинган, саросимага тушишга асос йўқ, дейилади Янгиер ҳокимлиги хабарида.

Эслатиб ўтамиз, 1 май куни соат 05:55да Сирдарё вилоятида жойлашган «Сардоба» сув омбори дамбасининг 6-пикет деворида сув чиқиши юзага келган. Бунинг оқибатида Сардоба туманининг бир қатор аҳоли яшаш пунктларига сув кирган. Мазкур ҳудуддан 11 мингдан ортиқ аҳоли эвакуация қилинган. Воқеа жойига Ўзбекистон президенти ҳамда хукумат раҳбари етиб боришган.

Ҳозирда тошқин оқибатларини бартараф этиш учун сув оқимлари Оқолтин тумани ҳудудидан ўтувчи Абай канали орқали Арнасой кўлига йўналтирилган. Шунингдек, сўнгги маълумотларга кўра, «Сардоба» сув омборидан сув чиқиш ҳодисаси тўхтаган. Сув тошқини вилоятнинг бошқа ҳудудларида кузатилмаган, дейилади ФВВ хабарида.