Йўл-патруль хизмати инспекторлари томонидан қоидабузарликлар содир этаётган йўл ҳаракати иштирокчиларига нисбатан электрон тарзда баённома расмийлаштириш тартиби жорий этилади. Бу ҳақда ИИВ ЙҲХББ матбуот хизмати маълум қилди.

1 май куни Тошкент вилояти ИИББ ЙҲХБда бўлиб ўтган йиғилишда Вазирлар маҳкамасининг тегишли қарори билан ЙПХ инспекторлари қоидабузарликлар содир этаётган йўл ҳаракати иштирокчиларига нисбатан электрон тарзда баённома расмийлаштириш тартиби жорий этилиши маълум қилинди.

Таъкидланишича, мазкур қарор соҳани янада такомиллаштириш, шаффофликни таъминлаш, ҳаракатланиш хавфсизлигини таъминлаш ишлари самарадорлигини ошириш ва, энг муҳими, коррупцияга қарши курашни кучайтириш мақсадида қабул қилинди.

Шунингдек, йиғилишда планшетлардан фойдаланиш тартиблари, айнан шундай электрон баённомалар расмийлаштирилган транспорт воситаларини жарима майдонларига олиб бориш ва расмийлаштириш тартиблари ҳам муҳокама қилиниб, бу йўналишда ходимларга тегишли кўрсатмалар берилди.