Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот котибининг хабарига кўра, 24 ёшли У.Б. 9 апрель куни Тошкент шаҳар 4-сон клиник шифохонасининг туғруқ бўлимига «Ҳомиладорлик 1. 32−33 ҳафта. Ўткир респиратор касаллиги» ташхиси билан келган.

10 апрель куни аёлда коронавирус инфекцияси аниқланган. Шундан сўнг, ҳомиладор аёлга ихтисослашган тиббий ёрдам кўрсатиш мақсадида пойтахтдаги 3-сон туғруқ комплексига оғир аҳволда ўтказилган.

Туғруқ мажмуасида тор мутахассислардан: кардиохирург, кардиолог, пульмонолог, инфекционист, терапевт, анестезиолог-реанематолог ва акушер-гинекологлар томонидан аёл тиббий кўрикдан ўтказилиб, зарурий текширувлардан сўнг керакли даволаш чора-тадбирлари белгиланган.

1 май куни эрталаб бемор аёл вазни 3 150 грамм, бўйи 52 сантиметр бўлган ўғил бола чақалоқни дунёга келтирди. Мураккаб жарроҳлик амалиёти асоратсиз ўтиб, муваффақиятли якунланганлиги айтилмоқда. Ҳозирда аёлнинг ва янги туғилган чақалоқнинг аҳволи яхши, улар шифокорларнинг қатъий назорати остида.