1 май соат 10:00 ҳолатига кўра, Ўзбекистонда коронавирус инфекцияси қайд этилганлар сони 2046 нафарни ташкил қилмоқда. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлиги хабар қилди.

Бош давлат санитария инспектори Нурмат Отабеков сўзларига кўра, ҳозирда Республика бўйлаб коронавирус инфекциясидан 904 киши даволанмоқда, 10 нафарининг аҳволи оғир, 2 нафарининг аҳволи ўта оғир, деб баҳоланмоқда.

Коронавирус инфекциясидан соғайганлар сони ҳозирда 1133 кишини ташкил этмоқда. Тўққиз киши ҳаётдан кўз юмган.

Маълумот учун, АҚШдаги Жонс Хопкинс университетининг сўнгги маълумотларига кўра, ҳозирда дунё бўйлаб 3,25 миллиондан зиёд одамларда коронавирус инфекцияси аниқланган. Бунда 1,01 миллиондан ортиғи инфекциядан соғайган, 233 398 нафар бемор эса вафот этган.