30 апрелдан бошлаб Республика махсус комиссияси қарори билан карантин чекловлари юмшатилди.

Хусусан, 30 апрель куни соат 06:00 дан:

  • фуқароларга — иш жойига бориб келиши, тиббий буюмлар, дори воситалари, озиқ-овқат ва биринчи навбатда зарур бўлган маҳсулотларни харид қилиш учун соат 07:00 дан 10:00 га ҳамда 17:00 дан 20:00 га қадар барча турдаги шахсий ва хизмат енгил автотранспорт воситалари (йўловчилар билан бирга), шу жумладан велосипед ва мототранспортларда махсус рухсатномасиз ҳаракатланишга;
  • фуқароларга — шаҳар ва туманлардаги кўп қаватли уйларнинг бевосита олдида ва ички ҳовли ҳудудларида ижтимоий масофани (оралиқ масофа 2 метр) сақлаган ва ниқоблар тақилган ҳолда сайр қилишга, бунда 14 ёшгача бўлган болалар ота-оналарининг ҳамроҳлигида сайр қилишга;
  • олий таълим ва илмий-тадқиқот институтлари раҳбарлари ва профессор ўқитувчиларига — илмий ишларни давом эттириш мақсадида лаборатория ва кафедралар фаолиятларини тиклашга рухсат берилди.

Шу ўринда, Ички ишлар вазирлиги матбуот хизматининг «Газета.uz» га тасдиқлаган маълумотга кўра, чекловлар юмшатилиши такси хизматларига ҳам тааллуқли. Бунда ИИВ такси ҳизматларини карантин тадбирларига қатъий риоя қилган ҳолда ва куннинг маълум вақтларида йўловчиларни олиб юришларига чақиради.

«Барча фуқароларга йўловчилар билан биргаликда автоуловда ҳаракатланиш рухсат этилиши муносабати билан, биз „Мини“, „Эконом“, „Комфорт“ ва „Бизнес“ тариф режаларини қайта ишга туширганимизни сизларга мамнуният билан эълон қиламиз! Энди сиз МйТахи хизматларидан куннинг маълум бир қисмларида, яъни соат 07:00дан 10:00гача ва 17:00дан 20:00гача бемалол фойдалана оласиз», дейилади MyTaxi хабарида.