Россия бош вазири Михаил Мишустин коронавирус билан касалланди. Бу ҳақда РИА Новости хабар бермоқда.

Михаил Мишустин бу ҳақда Россия президенти Владимир Путин билан онлайн-учрашувда маълум қилган.

«Владимир Владимирович, ҳозиргина мен коронавирусга топширган тестларнинг натижаси ижобий бўлганлиги ҳақида маълум қилишди. Шунинг учун ва Роспотребнадзор талабларига мувофиқ мен „самоизоляция“ қоидаларига ва шифокорлар тавсияларига риоя қилишим керак. Бу менинг ҳамкасбларимни ҳимоя қилиш учун муҳим», — деган бош вазир Мишустин.

Бош вазирнинг биринчи ўринбосари Андрей Белоусов вақтинча бош вазир вазифасини бажариб туради. Бу ҳақда тегишли қарор Владимир Путин томонидан қабул қилинган.

Мишустин коронавирус билан оғриганлиги сабабли «ўзини яккалаш тартиби»га риоя қилишини таъкидлаган. Вазирлар маҳкамаси билан эса доимий алоқада бўлиб туради.