«Мазмунли карантин» лойиҳаси давомида сизга ўзбек тилидаги TED чиқишлари ва TED-Ed дарсларини, ҳамда Ўзбекистонда ташкиллаштирилган TEDx лойиҳаларидан чиқишларни ҳавола қилиб борамиз.

Бугун Khan Academy асосчиси Салмон Хоннинг 2011 йилда TED анжуманидаги чиқишини ўзбек тилида кўришингиз мумкин. Ушбу чиқишнинг таржимаси ва дубляжи Khan Academy O’zbek жамоаси томонидан амалга оширилган.

Видео орқали таълимни ислоҳ қилиш (24 дақиқа)

Khan Academy асосчиси Салмон Хон ушбу таълим марказига нима учун асос солганлиги, математика ва бошқа фанлардан таълим бериш учун видеодарсларнинг муҳимлиги ҳақида гапиради. У интерактив дарсларнинг таъсирини кўрсатади ва ўқитувчиларни ноанъанавий дарс ўтиш услубларидан фойдаланишга чақиради. Шундай услублардан бири талабалар ёки ўқувчиларга маърузаларни уйда видео орқали томоша қилиш ва уй вазифаларини синфхоналарда ўқитувчи ёрдамида қилишдир.

«TED Talk» дунёнинг турли бурчагидаги ёрқин фикр намоёндаларининг оммалашувга муносиб ғояларини («Ideas worth spreading») алмашишлари учун яратилган ўзига хос платформа вазифасини бажаради. 1984 йили TED (Technology, Entertainment, Design) биринчи марта ташкил этилганда, унда технология, санъат ва дизайнга оид мавзулар муҳокама қилинган. Бугунги кунга келиб эса, TED доирасида дунёнинг 110 тилида атроф-муҳит масалаларидан тортиб, санъат соҳасигача бўлган мавзулар қамраб олинган.