Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги иқтисодиётдаги жорий ҳолат ва кутилаётган тенденциялар бўйича ўз ҳисоботини эълон қилди.

Ушбу ҳисоботда вазирлик томонидан жаҳон иқтисодиётида кузатилаётган инқирозли ҳолатнинг ўзига хос хусусиятларига тўхталган.

Биринчидан, юзага келган мураккаб иқтисодий вазият банк ва молия секторидаги қандайдир инқирозли ҳолат натижаси эмас ҳамда фискал ёки монетар сиёсат орқали унинг тўлиқ ечимини таъминлаш имконияти чекланган. Мавжуд вазият, энг биринчи навбатда «инсоний» ёки «инсон соғлиги инқирози» билан боғлиқ.

Иккинчидан, одатда инқирозлар талаб (банк тизимидаги инқироз ва кредитларнинг секинлашуви, ёки давлат қарзининг ошиб кетиши натижасида харажатларнинг қисқариши, даромадларнинг камайиб кетиши) ёки таклифнинг яъни, ишлаб чиқариш ҳажмларининг кескин қисқариши (уруш ва табиий офатлар, қарз инқирозлари ва ҳ.к.) билан боғлиқ омилларнинг бири таъсирида юзага келади. Амалдаги иқтисодий вазиятнинг мураккаблиги, бир пайтнинг ўзида талаб ва таклифнинг қисқариши билан изоҳланади.

Учинчидан, коронавирус пандемиясининг тўхтатилиши ва ундан кейинги босқичда чекловларнинг олиб ташланиши ҳамда ушбу касаллик тарқалишининг иккинчи тўлқини билан боғлиқ юқори даражадаги ноаниқликларнинг мавжудлиги қарорларни қабул қилишда қуйидаги қийинчиликларни келтириб чиқармоқда:

  • бизнес субъектлари учун ишлаб чиқариш ва инвестицион лойиҳалар бўйича;
  • аҳолининг истеъмол фаоллигига;
  • ҳукуматлар томонидан фискал ва монетар қўллаб қуватлаш, ташқи ва ички қарзларни жалб қилиш, ижтимоий ҳимоя ҳажми ва дастурларини белгилаш бўйича.

«Шу нуқтаи назардан коронавирус пандемиясининг мамлакатимиздаги ижтимоий-иқтисодий вазиятга таъсирини юмшатиш вазифаси, биринчи навбатда, ушбу касалликнинг аҳоли соғлигига таъсирини минималлаштириш, ушбу борада киритилган чекловларни эҳтиёткорлик билан босқичма-босқич олиб ташлаш ва келгусидаги вазиятни имкон қадар аниқроқ баҳолай олиш орқали инқироздан кейинги иқтисодий тикланиш сиёсатини тўғри шакллантириш ва амалга оширишдан иборат бўлади», — дейилади ҳисоботда

Коронавирус касаллигининг тарқалиши дастлабки босқичларда, яъни, 2020 йилнинг январь-февраль ойларида, асосан Хитой иқтисодиётига ва кейинчалик ушбу мамлакатдаги вазиятнинг бошқа давлатларга таъсири сезила бошланган. Ҳисоботга кўра, февраль ойининг иккинчи ярмидан бошлаб ва март ойида эса мазкур касаллик дунёнинг деярли барча давлатларига тез тарқалиб, ушбу мамлакатлар иқтисодиётига бевосита ўз салбий таъсирини кўрсата бошлаган.