«Ўзбекистон Республикасида юридик таълим ва фанни тубдан такомилаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида» президент фармони қабул қилинди, дея хабар берди Адлия вазирлиги матбуот хизмати.

Фармонга мувофиқ, Тошкент давлат юридик университети «юриспруденция» мутахассислиги бўйича юридик кадрларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш бўйича базавий олий таълим ва илмий-методик муассаса этиб белгиланди.

Шунингдек, Самарқанд, Наманган ва Термиз давлат университетларида юридик факультетлар ташкил этилади ва «юриспруденция» йўналиши бўйича белгиланган тартибда шакллантириладиган ва тасдиқланадиган квоталар бўйича қабул, шу жумладан табақалаштирилган тўлов контракт асосида қўшимча қабул амалга оширилади.

Фармонга кўра, давлат, ҳуқуқ ва сиёсий-ҳуқуқий фикр соҳасида фундаментал ва амалий тадқиқотларни амалга оширадиган Фанлар академиясининг Давлат ва ҳуқуқ институти ташкил этилади.

Фармон билан юридик таълим ва фанни янада ривожлантиришнинг устувор йўналишлари белгиланди.

Замонавий талаблар, илғор халқаро юридик тажриба ва меҳнат бозори эҳтиёжлари асосида юқори малакали, ижодий фикрлайдиган, ҳалол кадрлар тайёрлашни таъминлаш ушбу устувор йўналишлардан биридир.

Шунингдек, юридик кадрларни тайёрлашга буюртма шакллантириш тартиби жорий этилади.

Унга мувофиқ, ТДЮУ, юридик факультетлар ва юридик техникумларга қабул параметрлари, жорий ва истиқболдаги юридик кадрларга бўлган эҳтиёжни ҳисобга олиб, ҳар бир ҳудуд, иқтисодиёт тармоқлари ва ижтимоий соҳа кесимида таҳлил қилиш асосида, юридик кадрларга бўлган эҳтиёжни прогнозлаштириш электрон платформасини яратган ҳолда шакллантирилади.

Бундан ташқари, ҳужжатга кўра, ТДЮУда Халқаро ҳуқуқ ва қиёсий ҳуқуқшунослик факультети (Факультет) ташкил этилади.

Факультетнинг асосий вазифаларидан бири халқаро хусусий ҳуқуқ, шунингдек миллий ва япон, немис ҳуқуқи ҳамда бошқа ривожланган хорижий давлатлар ҳуқуқ тизимларини қиёсий тадқиқ қилиш асосида юқори малакали юридик кадрлар тайёрлашдан иборат.

Факультетнинг асосий ҳамкорлари сифатида Япония томонидан — Нагоя университети, Германия Федератив Республикаси томонидан — Регенсбург университети белгиланади.

Хорижий ҳуқуқни ўрганиш марказлари факультет таркибида фаолият юритади.

Факультет негизида хорижий таълим муассасалари ва халқаро ташкилотлар билан ҳуқуқ соҳасида қўшма тадқиқот, ўқув-таълим ва бошқа лойиҳаларни ташкил этиш бўйича майдон яратилади.

Факультетдаги ўқув жараёнга хорижий олий таълим муассасаларининг профессор-ўқитувчилари таркиби фаол жалб этилади.