«Тошкент шаҳрини 2041 йилгача ривожлантириш бош режа лойиҳасини ишлаб чиқишга оид чора-тадбирлар тўғрисида"ги Ўзбекистон президенти қарори жамоатчилик муҳокамаси учун эълон қилинди.

Ҳужжат лойиҳасида келтирилишича, пойтахтни 2041 йилгача ривожлантириш бўйича бош режа концепциялари шаҳар ҳокимлиги, «ТошкентбошпланЛИТИ» ДУК ва «Kentsel Yenileme Merkezi A.S.» (Туркия) компанияси иштирокида ишлаб чиқилган.

Лойиҳада истисно тариқасида Тошкент бош режасини ишлаб чиқиш учун буюртмачи ва бош лойиҳа ташкилотига тендер (танлов) савдоларини ўтказмай, тўғридан-тўғри шартномалар асосида маҳаллий ва хорижий компаниялар, шунингдек мутахассисларни жалб қилишга рухсат бериш таклиф қилинмоқда.

Қурилиш вазирлиги, Ахборот технологиялари ва коммуникацияларни ривожлантириш вазирлиги ва Тошкент шаҳар ҳокимлигига Дастурий маҳсулотлар ва ахборот технологиялари технологик паркида резидент сифатида жойлашиш ва Тошкент бош режасини ишлаб чиқишда унинг иштирокини таъминлаган ҳолда, биноларни ахборот моделини тузиш технологияси соҳасида (BIM) қўшма корхонасини ташкил этиш бўйича Вазирлар Маҳкамасига таклиф киритиш топширилган.

Шунингдек, лойиҳада мутасадди органларга 1 майга қадар концепция доирасида Тошкент шаҳрининг янги маъмурий чегараларини (ҳудудларини) белгилаш бўйича ҳукуматга таклиф киритилиши кўрсатилган.

Лойиҳа муҳокамалари 13 майга қадар давом этади.