Ички ишлар вазирлиги матбуот котиби Шоҳрух Ғиёсов 29 апрель куни АОКА штабида бўлиб ўтган брифингда бир қатор саволларга жавоб берди.

Хусусан, Республика махсус комиссиясининг қарори билан ҳунармандчилик, автомобилларга эҳтиёт қисмлар сотиш фаолиятлари билан шуғулланадиган тадбиркорлик субъектларига фаолиятини давом эттиришга рухсат берилган.

Шу боис, мазкур фаолиятларни юритаётган тадбиркорлар шахсий транспорт воситансини хайдаш рухсатнома олиш учун ҳудудий ҳокимиятга мурожаат қилишлари керак ва улар, ўз ўрнида, тадбиркорнинг фаолиятинни ўрганиб чиқади ва тегишли тартибда рухсат беради, дея таъкидлади ИИВ матбуот котиби.

Шунингдек, брифингда пойтахтда яшаб туриб, Тошкент вилоятида давлат ишида ишлайдиган ва ишхонадан машина хайдаш учун махсус рухсатнома берилган бўлса блокпост ўтишда муаммо бўлмайдими, деган савол янгради.

«Иш жойингизга ўзингизнинг шахсий транспорт воситангизда бориб-келишингиз учун ҳудудий ҳокимликнинг махсус рухсатномаси мавжуд бўлса, яшаш манзилингиздан, яъни Тошкент шаҳридан қатнашингиз мумкин. Бунда республика махсус комиссиясининг талабларига мувофиқ ёнингизда мехнат дафтарчаси нусҳасини ҳамда иш жойидан берилган тегишли маълумотномани олиб юриши лозим», — дея Шоҳрух Ғиёсов саволга жавоб берди.

Бундан ташқари, ИИВ матбуот котиби Республика махсус комиссиясининг қарорига мувофиқ фаолият юритаётган корхоналар ва чакана савдо дўконларининг рўйхати сезиларли даражада кенгайиб бораётгани сабабли эндиликда зарурат туғилганда карантин тадбирларига қатъий риоя қилган ҳолда фуқаролар мазкур дўконларга ҳам ташриф буюришлари мумкинлигини маълум қилди.

«Хозирда менинг отам эхтиёт чораси сифатида хибсда ушлаб турилибди, суд ишлари карантин туфайли тўхтатилган дейишмоқда. Агар, карантин муддати яна сурилса, дадамни хибсда ушлаб туриш давом этаверадими», саволига Шоҳрух Ғиёсов қуйидагича жавоб берди:

«Ўзбекистон Республикаси ЖПКнинг 243-моддаси 1-қисмига кўра, қамоққа олиш тарзидаги эхтиёт чораси фақат ушлаб турилган гумон қилинувчига ёки айбланувчи тариқасида ишда иштирок этишга жалб этилган шахсга нисбатан қўлланилади. Қамоқда сақлаб туришнинг муддати кўпи билан уч ойни ташкил қилади. (ЖПКнинг 245-моддаси). Мазкур муддатни тегишли тартибда беш ой ва етти ойгача узайтириш мумкин. Қонун ҳужжатларида жиноят ишларини карантинли ва инсон учун хавфли бўлган бошқа юқумли касалликлар тарқалиши муносабати билан тўхтатиш назарда тутилмаган. Дастлабки тергов ёки суриштирув тугатилганидан сўнг жиноят иши тегишли тартибда суд органларига юборилади. Суд органлари томонидан шахсга жазо муддатини тайинлашда, эхтиёт чораси сифатида қамоққа олинган даври албатта ҳисобга киритилади. Шахснинг айбдорлигини ёки айбсизлигини фақатгина суд ҳал этади».

Бугунги кунда автотранспорт ҳайдовиларини тайёрлаш ва қайта тайёрлаш бўйича масофавий ўқитиш бўйича норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар мавжуд эмаслиги сабабли карантин пайтида автомактабларда онлайн дарс олиб бориш жорий қилинмаслигини таъкидлади.

Шу билан бирга, зарурат туғилганда ўқитиш концепциясига асосланган ҳолда масофавий таълимнинг ўқув жараёнини таъминловчи ўқитиш методи ва услублар мажмуаси шакллантирилса, Ички ишлар вазирлиги томонидан масофавий таълимни жорий этиш масаласи бўйича батафсил маълумот берилиши билдирилди.