Ўзбекистонда Жисмоний ва юридик шахсларнинг идентификацияси миллий ахборот тизимини яратиш режалаштирилмоқда. Бу Президент ҳузуридаги Лойиҳа бошқаруви миллий агентлиги (ЛБМА) томонидан жамоатчилик муҳокамаси учун эълон қилинган Вазирлар Маҳкамаси қарори лойиҳасида кўзда тутилган.

Ҳужжатда қайд этилишича, ЛБМА ва БМТ Ривожланиш дастури Миллий идентификация тизимини яратиш концепцияси ишлаб чиқди. Ушбу концепция қуйидагиларни назарда тутади:

  • жисмоний ва юридик шахсларга тақдим этилаётган давлат ва молиявий хизматлар сифати ошириш ва барчанинг фойдалана олиш имкониятини кенгайтириш;
  • электрон шаклда кўрсатилаётган хизматлар сонининг сезиларли ошиши;
  • жисмоний ва юридик шахслар томонидан давлат ва молиявий хизматлардан фойдаланиш жараёнларини соддалаштириш;
  • кичик ва ўрта бизнеснинг учун хизматлардан (кредитлаш, суғурталаш ва ҳоказо) фойдаланиш имкониятини кенгайтириш.

Бундан ташқари, лойиҳада маълум қилинишича, «Рақамли ишонч» рақамли иқтисодиётни ривожлантиришни қўллаб-қувватлаш жамғармаси томонидан юз геометрияси бўйича шахсни биометрик аутентификация қилиш тизимининг прототипи ишлаб чиқилди.

Шундай қилиб, идентификация тизими давлат, банк ва бошқа ташкилотлар ахборот тизимларига жисмоний ва юридик шахсларни масофадан туриб аниқлаш имкониятини бериши кутилмоқда.

Бундан ташқари, тизим ёрдамида қалбаки, бегона ёки ҳуқуқий кучга эга бўлмаган ҳужжатлар бўйича хизмат кўрсатиш ҳолатларини қисқартириш мумкин.

Шахсини тасдиқловчи ҳужжатсиз давлат, банк ва бошқа ташкилотлар хизматидан фойдаланмоқчи бўлган фуқаролар шахси тизим орқали тасдиқланади.

Идентификация тизими — жисмоний ва юридик шахсларни жумладан жисмоний шахснинг биометрик маълумотлари орқали рўйхатга оладиган, идентификация, аутентификация ва авторизация қиладиган, шунингдек, давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, жисмоний ва юридик шахсларга молиявий ва бошқа хизмат кўрсатувчи субъектларнинг ахборот тизимларига қонунчиликда белгиланган тартибда фойланувчи-жисмоний шахсларнинг шахсга доир ва фойдаланувчи-юридик шахсларнинг ҳисоб маълумотларини ишончли, рухсат олинган ҳолда тақдим этадиган дастурий-аппарат комплекси ҳисобланади;

Идентификация тизими Ўзбекистонда жисмоний ва юридик шахсларни идентификация қилишнинг расмий маълумотлар манбаи даражасига эга бўлади. Тизимдан олинган маълумотлар давлат, молия ва бошқа хизматлардан фойдаланувчиларни масофавий идентификация ва аутентификация қилишнинг асоси ҳисобланади.

Ҳужжатда идентификация тизимининг тасдиқланган фойдаланувчиси маълумотлари асосида Ўзбекистон Республикаси қонунчилигига биноан шакллантириладиган электрон рақамли имзо қоғоз ҳужжатга қўлда ўзи қўйган имзо билан бир хил аҳамиятга эга бўлиши таклиф этилмоқда.

Идентификация тизими хизмат кўрсатиш ташкилий-ҳуқуқий шаклидан қатъий назар барча ташкилотларга тўлов-шартнома асосида амалга оширилади.

Шахсни мобил алоқа телефон рақами орқали тасдиқлаш имкониятини яратиш режалаштирилмоқда. Шу муносабат билан операторнинг ахборот тизимларига янги ва амалдаги абонентлар-жисмоний шахсларнинг жисмоний шахсларнинг шахсий идентификация рақамини (ЖШШИР) киритиш режалаштирилмоқда. Давлат хизматларини кўрсатиш ҳолати тўғрисида ахборот берувчи SMS-хабарлар абонентларга беғараз тарзда юборилади.

Янги йилдан бошлаб ЛБМА ҳузуридаги Электрон ҳукумат ва рақамли иқтисодиёт лойиҳаларини бошқариш маркази ва мобил операторлари ўртасида электрон ҳамкорликни йўлга қўйилади. Марказ сўровига асосан операторлар томонидан жисмоний шахслар тўғрисидаги қуйидаги маълумотларни тақдим этилади:

  • абонентнинг ЖШШИР бўйича — абонентнинг телефон рақами;
  • абонентнинг телефон рақами бўйича — абонентнинг ЖШШИР.

Идентификация тизимига биометрик паспортлар маълумотлар базаси маълумотларидан, шу жумладан жисмоний шахсларнинг суратларидан фойдаланиш имконияти тақдим этилади.

Бундан ташқари, фуқаролар, давлат ёки жамият ҳуқуқлари ва қонун ҳимоясидаги манфаатларига путур етказиш йўли билан шахсий манфаат олиш мақсадида Идентификация тизими имкониятларидан фойдаланадиган шахсларга нисбатан жавобгарликни назарда тутувчи қонунчиликка ўзгартириш ва қўшимчалар киритилади.

Ҳужжат лойиҳаси муҳокамалари 13 майга қадар давом этади.