Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 29 апрель куни пандемия даврида аҳолини асосий турдаги озиқ-овқат маҳсулотлари билан кафолатли таъминлаш ва нарх-наво барқарорлигини сақлаш масалаларига бағишланган видеоселектор йиғилиши ўтказди, дея хабар берди давлат раҳбари матбуот хизмати.

Пишиб етилган қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари нобуд бўлишининг олдини олиш мақсадида аҳоли талабларидан келиб чиқиб, фермер ва деҳқонлари томонидан етиштирилган мева-сабзавот, полиз ва кўкат маҳсулотларини жойларга етказиш ва сотиш учун вилоятлараро ва шаҳарлараро қатновларни амалга оширишга рухсат бериш лозимлиги таъкидланди.

Ички ишлар вазирлиги деҳқон ва фермер хўжаликларининг автотранспорт воситаларини ҳудудлараро постларда кутиб олиш, уларни ташкил этилган ярмаркалар ва савдо нуқталарига тартиб билан кузатиб боришни таъминлайди.

Давлат солиқ қўмитаси, Бош прокуратура, Ички ишлар вазирлигига сотиш учун олиб келинаётган қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини жойларда аҳоли талаб ва эҳтиёжларидан келиб чиққан ҳолда, савдо майдончалари, ярмарка ва бозорларга йўналтириб бориш топширилди.

«Албатта, вазиятимиз яхшиланиб, ижобий томонга ўзгариб бориши билан, 10 майдан кейин биз карантин режимини босқичма-босқич юмшатишга қаратилган ишларимизни янада дадилроқ давом эттирамиз», — деди давлат раҳбари.

Президент сўзларига кўра, Ўзбекистон пандемияга қарши кураш борасида ўтган вақт мобайнида муҳим тажриба орттирди. Энди ундан юқумли касалликларнинг олдини олиш ва уларга қарши курашиш, санитария-гигиена қоидаларига қатъий амал қилиш ҳамда тиббий маданиятни ошириш йўлида самарали фойдаланишимиз зарур, деди у.