28 апрель куни Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари Ўзбекистон Евроосиё иқтисодий иттифоқига «кузатувчи» бўлиб кириши учун овоз беришди. Овоз бериш натижаларига кўра, 86 та рози, 32 та қарши, 14 та бетараф овозлар қайд этилган. 1 нафар депутат овоз бермаган. Қолганлар овоз беришда қатнашишмаган.

Қонунчилик палатаси томонидан маъқулланган қарор эндиликда Сенат аъзолари кўриб чиқиши юборилган.

Йиғилишда партия фракция раҳбарлари сўзга чиқиб, фракцияларнинг ушбу масала бўйича партия позицияларини эълон қилишди.

«Миллий тикланиш» партия фракцияси

Фракция раҳбари Алишер Қодировнинг изоҳига кўра, «Миллий тикланиш» партия фракцияси аъзолари ҳозирги шароитда Ўзбекистонни Евроосиё иқтисодий иттифоқига (ЕООИ) нафақат аъзо, балки кузатувчи бўлишга ҳам тайёр эмас деб ҳисоблайдилар.

Шунингидек, фракция азолари Ўзбекистоннинг ЕОИИ билан ҳамкорлиги мамлакат ижтимоий-сиёсий тараққиётининг асосий кўрсаткичларига, давлат суверенитетига ва давлатчиликнинг бошқа асосларига таъсир қилишининг салбий эҳтимолларини инобатга олиш кераклигини таъкидлашган.

Фракция ушбу хулосага келишга сабаб бўлган айрим сабабларни айтиб ўтган:

Биринчидан, бу хамкорлик хорижда ишлаётган ватандошлар даромадини ошириши мумкин, лекин иқтисодиётнинг деярли барча тармоқларида малакали миллий кадрларни йўқотишга олиб келади. Бу ўрта ва узоқ истиқболда миллий иқтисодиётга жиддий зарар беради.

Иккинчидан, ягона бож тарифи 6 мингга яқин товарларда бож ставкаларини ўзгартиришни талаб қилади. Бу силкиниш босқичма-босқич, имтиёзлар билан амалга оширилган тақдирда ҳам миллий иқтисодиётга жиддий зарар беради. Шу билан бирга, муҳим инвестицион лойиҳаларни амалга ошмаслигига ҳам сабаб бўлиши мумкин.

Учинчидан, фракция аъзолари иттифоқда амалда бўлган 48 та техник регламентнинг 5 тасидан хабардорлиги, 14 тасида жиддий тавофутлар борлиги ва 29 та регламент мамлакатда умуман мавжуд эмаслигини айтган.

Тўртинчидан, фракция дунё иқтисодиётига жиддий зарба бўлиши кутилаётган пандемиядан кейинги даврнинг қандай тус олиши ҳақида аниқ тасаввурга эга эмаслигини айтган. Кўпгина халқаро экспертлар постпандемик давр давлатлараро тузилмалар учун жуда оғир бўлади, деган фикрни илгари суришмоқда.

«Миллий тикланиш» демократик партияси бугунги шароитда Ўзбекистонни ЕОИИга аъзо мамлакатлар билан амалдаги икки томонлама ҳамкорлик муносабатларини ривожлантирган шаклда давом эттиришни энг тўғри йўл деб ҳисоблаймиз", — дея таъкидлади фракция раҳбари Алишер Қодиров.

«Адолат» фракцияси

«Адолат» фракцияси депутатлари Ўзбекистоннинг ЕООИ билан ҳамкорлиги мамлакатнинг иқтисодий тараққиёти учун ўта муҳим масала, деб ҳисоблайди. Фракция раҳбари Наримон Умаров фуқаролар ўртасида «Ижтимоий фикр» республика жамоатчилик фикрини ўрганиш марказининг ўтказган сўров натижаларига эътибор қаратишни сўраган. Ўтказилган сўровга асосан 54 фоиз аҳоли ЕОИИ билан ҳамкорликни қўллаб-қувватлаган.

Фракция Ўзбекистоннинг ЕОИИ билан ҳамкорлиги масаласида унинг ижобий ва салбий жиҳатларини келтирган. Унга кўра, ҳамкорлик қуйидаги ижобий жиҳатларга эга:

  • Биринчидан, мамлакат ЕОИИга аъзо давлатлар билан энергетика соҳасидаги ҳамкорлиги келгусида яхши натижа бериши айтилган. Бунда аъзо давлатлар нефть, газ қазиб олиш ва уларни қайта ишлаш бўйича дунёда етакчи ҳисобланиши сабаб қилиб кўрсатилган. Бу ўринда Ўзбекистонда фаолият олиб бораётган йирик компаниялар ЛУКОЙЛ ва Газпром мисоли келтирилган.
  • Иккинчидан, транспорт-коммуникация соҳасидаги имкониятлар сезиларли даражада ортиши айтилмоқда. Саноат маҳсулотларининг ЕОИИ аъзо мамлакатлар орқали транзит ҳажмлари янада ошади.
  • Учинчидан, фракция таълим, илм-фан ва соғлиқни сақлаш соҳалари бўйича ҳамкорлик ижобий самара кўрсатиши кутмоқда. Россия ва Белорусь олий таълим муассасаларининг филиаллари ташкил этилганлиги ва рақобатдош мутахассислар тайёрлаш йўлга қўйилганлиги мисол тариқасида келтирилган.

Бундан ташқари фракция аъзолари ЕОИИ билан ҳамкорликнинг салбий таъсирига ҳам ўз эътиборларини қаратганлар:

  • Биринчиси, ЕОИИга аъзо бўлиш мамлакат саноатининг қатор тармоқлари ривожига салбий таъсир кўрсатади. Хусусан, республикада фаолият юритаётган автомобилсозлик, озиқ-овқат, фармацевтика ва бошқа соҳалар 2 млрд АҚШ доллари атрофида йўқотиши прогноз қилинаётганлиги айтилган.
  • Иккинчиси, ЕОИИ давлатлари билан ташқи савдо сиёсатини етарлича мувофиқлаштириш қувватига эга эмас. Сабаби, ЕОИИ қоидаларини бузган давлатни ЕОИИ судига бериш каби ўта муҳим ваколат белгиланмаган.

«Фракция истиқболда ЕОИИга аъзо мамлакатлар ўртасида ҳалол рақобат муҳитини бузиш ҳолатлари бўйича низоларни бартараф этиш механизми мавжуд эмас. Хулоса сифатида Ўзбекистоннинг ҳозирги ривожланаётган иқтисодиётини инобатга олган ҳолда ҳамкорликда ўтиш даври белгиланиб, кузатувчи давлат сифатида иштирок этиш маъқулланди», — дея хулоса қилган фракция раҳбари Наримон Умаров.

Халқ демократик партияси фракцияси

«Евроосиё иқтисодий иттифоқи билан ҳамкорлик қилиш масаласи халқимизнинг, ҳар бир фуқаронинг манфаатларига бевосита таъсир қилувчи жуда жиддий масаладир. Шу билан бирга, Евроосиё иқтисодий иттифоқи билан келгусида ҳамкорлик натижасини баҳолаш, прогноз қилиш ниҳоятда мураккаб ва қийин жараёндир», — дея таъкидлайди фракция раҳбари Улуғбек Иноятов.

Халқ демократик партияси фракцияси ЕООИ билан ҳамкорлик қилиш юзасидан қуйидагиларга тўхталиб ўтган.

Биринчидан, Евроосиё иқтисодий иттифоқи билан ҳамкорлик қилиш Ўзбекистон учун меҳнат миграциясидаги мавжуд муаммоларни ҳал этишда яхши имкониятлар яратиши мумкин. Айниқса, ушбу ташкилотга кирувчи мамлакатларда ишлаб юрган миллионлаб Ўзбекистон фуқароларининг ижтимоий ҳимоясига ижобий таъсир кўрсатиши айтилмоқда. Жумладан, Евроосиё иқтисодий иттифоқига кирувчи мамлакатларда ишлаб юрган барча мамлакат фуқароларига эркин ишлашга ва ишлаб топилган пул ўтказилмалари ҳажмини оширишга имкон беради. Шунингдек, фуқароларнинг ижтимоий ҳимояси таъминланади, жумладан, пенсия тайинлашда меҳнат стажи инобатга олинади, уларнинг фарзандлари кафолатланган таълим ва тиббий хизмат олиш ҳуқуқига эга бўлади.

Иккинчидан, мамлакатнинг экспорт салоҳиятини ошириш стратегик вазифа этиб белгиланганлиги таъкидланмоқда. Бунинг учун салоҳиятли ва барқарор истеъмол бозори керак. Фракция Евроосиё иқтисодий иттифоқи билан ҳамкорлик қилиш транспорт харажатларини камайтириш, тарифсиз тўсиқларни оптималлаштириш, тўқимачилик ва трикотаж саноатининг экспорт салоҳиятини сезиларли даражада оширишга хизмат қилишини кутмоқда. Шунингдек, қишлоқ хўжалигида етиштирилаётган мева-сабзавот маҳсулотлари экспортини амалга оширишда иттифоққа аъзо мамлакатлар салоҳиятли истеъмол бозори бўлиши мумкинлиги таъкидланган.

Учинчидан, фракция таҳлилларга кўра темир йўл ташувларида экспорт-импорт ҳажмининг ўсиши 10−15 фоизга баҳоламоқда. Товарлар транзитида ягона тарифлардан фойдаланилиши натижасида юк жўнатувчилар ва қабул қилувчиларнинг транспорт харажатлари сезиларли даражада камайиши мумкин. Бу экспорт ва импорт қилинадиган маҳсулотларнинг якуний қийматида транспорт ҳаражатлари улуши камайишига ва пировард натижада маҳсулотларнинг таннархи пасайишига асос бўлади.

Бундан ташқари фракция Евроосиё иқтисодий иттифоқи билан ҳамкорлик қилишдан айрим салбий омиллар ҳам ­кутиш мумкинлигини айтган. Жумладан, ташкилотга кириш ички бозорнинг очиқ бўлишига олиб келади, яъни маҳаллий корхоналар ­бошқа мамлакатларда ишлаб чиқарилган маҳсулотлар сифати билан рақобат қила олиши керак бўлади.

«Узоқ йиллар давомида протекционизм сиёсати орқали қўллаб-қувватлаб келинган саноат корхоналаримизнинг фаолияти заифлашиб қолиши хавфи мавжуд. Рақобатга тайёр бўлмаган тармоқлар ва корхоналаримизни заифлашиб қолиши ҳисобига иқтисодий зарар кўрилиши ҳамда ишсизлар сони ошиб кетиши мумкин. Мисол учун, биргина рақобатга тайёр бўлмаган кўмир ишлаб чиқариш соҳасини оладиган бўлсак, Евроосиё иқтисодий иттифоқи билан ҳамкорлик қилиш натижасида 4 минг иш ўрни қисқариши мумкин», — дейди фракция раҳбари Улуғбек Иноятов.

ХДП фракцияси Ўзбекистонни Евроосиё иқтисодий иттифоқида «кузатувчи-давлат» мақомига эга бўлишини мақсадга мувофиқлигини хулоса қилган.

Экологик партия фракцияси

Ўзбекистон Экологик партия фракцияси аъзолари Евроосиё иқтисодий иттифоқи билан ҳамкорлик табиатни муҳофаза қилиш соҳасидаги вазифаларни ҳал этиш учун ҳам муайян ишларни амалга оширишини таъкидлашмоқда.

Фракция Евроосиё минтақаси ягона экотизим эканлигини инобатга олган ҳолда, хўжалик ва иқтисодий фаолиятнинг ҳуқуқий режими минтақа давлатларининг экологик манфаатларини инобатга олиши керак, деб ҳисоблайди. Табиий ресурсларнинг кўпи трансчегаравий хусусиятга эга бўлиб, улардан бир давлат томонидан фойдаланиш бошқасига зарар етказмаслиги лозим.

«Аммо, бугунги кунда икки томонлама асосда ҳал этилаётган ушбу саволларга Евроосиё иқтисодий иттифоқининг аниқ жавоблари йўқ. Мавжуд экологик муаммолар Иттифоққа аъзо давлатларнинг барқарор ривожланишига муайян тўсиқларни қўяди. Бу индекслар динамикаси, яъни: жамиятнинг барқарорлиги, экологик самарадорлик ва тараққиёт кўрсаткичларидир», — дея таъкидлаган Борий Алихонов.

Фракция раҳбари келгусида қуйидаги йўналишлар бўйича ҳамкорликни шакллантириш кераклигини таъкидлаган:

  • Ўзбекистон билан Евроосиё иқтисодий иттифоқи ўртасида атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш бўйича ўзаро ахборот алмашинуви тизимини яратиш;
  • халқаро экологик стандартларни жорий этиш;
  • глобал иқлим ўзгаришини олдини олиш бўйича чора-тадбирларни ишлаб чиқиш;
  • табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш, қайта тикланувчи энергия технологияларини кенгроқ жорий қилиш ғояларини илгари сурадиган янги иш ўринларни ташкил этувчи «яшил» иқтисодиёт тамойилларини татбиқ этиш;
  • озиқ-овқат хавфсизлиги, экологик суғурта ва аудит учун умумий талабларни аниқлаш, рухсатномалар бериш, экологик хавфли фаолиятнинг умумий рўйҳатини ишлаб чиқиш, фойдаланилган табиий ресурсларни ҳисобга олиш талабларини бирлаштириш;
  • атроф-муҳитни ифлослантирувчи чиқиндиларни йўқ қилиш учун чиқиндиларни камайтиришга қаратилган қўшма тадбирларни ишлаб чиқиш.

Ўзбекистон Экологик партияси фракцияси Ўзбекистонни ЕОИИга кузатувчи сифатида кириши дастлабки даврда мақсадга мувофиқ бўлади, деб ҳисоблайди.

ЎзЛиДеП фракцияси

Ўзбекистон либерал демократик партияси фракция аъзолари жойларда фуқаролар фикрини ўрганиб, ўзаро муҳокамалар ўтказиб, ушбу ҳамкорликнинг салбий ва ижобий томонларини ўрганиб чиқишган. Фракция раҳбари Актам Хаитовнинг айтишича, партия томонидан ташкил қилинган аҳоли билан бўлган барча учрашувлар, телефон ҳамда интернет орқали ўтказилган умуммиллий ижтимоий тадқиқот сўровида қатнашганларнинг 53 фоизи Ўзбекистон ва ЕОИИ ўртасидаги ҳамкорлик чуқурлашишинимаъқуллаган.

Фракция аъзолари Евроосиё иқтисодий иттифоқи билан ҳамкорлик қилишнинг афзал томонлари сифатида қуйидагиларни қайд этишган.

Биринчидан, тадбиркорлик фаолиятини амалга оширишда тенг имкониятлар яратилади ва ички бозорнинг монополлашувига йўл қўйилмайди. Ўзбекистон маҳсулотларининг ЕОИИга аъзо мамлакатлари бозорларига чиқишида мавжуд сунъий тўсиқлар ва экспорт қилиш билан боғлиқ бўлган харажатлар камаяди.

Ушбу Ташкилотнинг бошқа давлатлар билан эркин савдо зоналарининг ташкил этилиши Ўзбекистон товарларининг учинчи давлатлар бозорларига киришини енгиллаштиради. Бу ўз навбатида, товарлар умумий иқтисодий зонада афзалроқ шартлар ва манфаатли нархларда сотилишига имкон беради. Ягона майдондан фойдаланиш халқаро савдони енгиллаштиради ҳамда Ўзбекистон ягона божхона маконининг бир қисмига айланади.

Иккинчидан, иқтисодиёт тармоқлари модернизацияси кучаяди, жумладан, қайта ишланган маҳсулотларнинг шу давргача ишга солинмаган жиҳатларини рўёбга чиқариш имконияти юзага келади. Хусусан, қишлоқ хўжалик маҳсулотларини ЕОИИ мамлакатларига божхона тўловларисиз экспорт қилиш ҳамда ташқи инвестиция жалб қилиш орқали соҳани модернизация қилиш ва жадал ривожлантириш имконияти яратилади.

Учинчидан, юкларни етказиб бериш логистикаси яхшиланади ҳамда чегараларда ортиқча талаблар ва тўсиқлар бартараф этилиши натижасида қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етказиб бериш муддатлари қисқаради. Шунингдек, ташқи савдо учун қулай бўлган денгизга чиқиш йўллари очилади. Шунда маҳсулотларнинг халқаро савдода — ҳам нарх, ҳам сифат жиҳатидан бошқа давлатларнинг турдош товарларига нисбатан позициси бой берилмайди.

Тўртинчидан, мамлакатнинг инновацион ривожланиш, «билимлар иқтисодиёти» ва «рақамли иқтисодиёт»ни ривожлантириш йўлидан жадал ҳаракатланишини таъминлашга хизмат қилади. Ташкилот доирасида давлатларнинг тадбиркорлари ўртасида кооперация ва кластерларнинг шаклланиши мамлакатда илм-фан ва ишлаб чиқариш интеграциясини оширади.

«Евроосиё иқтисодий иттифоқининг иқтисодий ташкилот эканлиги, Ўзбекистоннинг бугунги савдо ҳамкорлари таркибида ушбу ташкилотга аъзо давлатлар салмоғи юқорилиги йирик инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш, ҳудудий кластерлар, саноат ва савдо зоналарини ташкил этишда минтақалараро ҳамкорликни ривожлантириш имкониятини янада кенгайтиради. Маълумки, ташқи савдога чиқадиган юкларимизнинг 80 фоизи Россия, Қозоғистон ва Қирғизистон орқали ўтади. Тайёр маҳсулотларимиз экспортининг ярмидан кўпроғи шу мамлакатлар ҳиссасига тўғри келади», — дея таъкидлаган ЎзЛиДеП фракцияси раҳбари Актам Хаитов.

Фракция раҳбари фермерларнинг фикрларига таяниб айтишича, қишлоқ хўжалиги учун афзалликлар импорт қилинадиган қишлоқ хўжалиги техникаси, технологиялар, уруғлар, ўғитлар, кимёвий ҳимоя воситалари, чорвачилик учун дорилар ва қишлоқ хўжалигини ривожлантириш учун зарур бўлган бошқа воситалар маҳаллий маҳсулотлар таннархининг пасайишига хизмат қилади. Ўзбекистоннинг Евроосиё иқтисодий иттифоқи билан ҳамкорлиги ҳудудларда ер ресурсларидан фойдаланиш самарадорлигини оширишга қаратилган янги технологик ёндашувларни қўллаш баробарида қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқаришни кўпайтиришга хизмат қилади.

Шу билан бирга, ЎзЛиДеП фракцияси Ўзбекистоннинг Евроосиё иқтисодий иттифоқи билан эҳтимолий аъзо бўлиши билан боғлиқ бир қатор хатарлар мавжудлигини ҳам таъкидлаган.

Биринчидан, ушбу ташкилотнинг ўзаро иқтисодий ёрдам кўрсатиш механизми бўлиши билан бирга, миллий ва халқаро қонунчилик доирасида чуқур ўрганишларга зарурат бор. Айниқса, бу техник тартибга солиш регламентлари, стандартлар, фитосанитария ва бошқа нормалар билан боғлиқ.

Иккинчидан, ЕОИИ ҳудудида ягона божхона тарифи қўлланилиши сабабли саноат корхоналарини модернизациялашда талаб этиладиган илғор технологик ускуналарнинг учинчи давлатлардан импорти қийинлашуви натижасида нефть-газ, электроэнергетика, кимё, озиқ-овқат ва бошқа соҳалардаги мамлакатда амалга оширилиши режалаштирилган йирик инвестициявий лойиҳаларга таъсирини чуқур ўрганиш талаб этилади.

Учинчидан, ЕОИИ билан ҳамкорлик мамлакат автомобилсозлик саноат тармоғининг рақобатбардошлиги ва унинг келажакдаги ривожига таъсир кўрсатиши каби хатарлар мавжуд.

ЎзЛиДеП фракцияси ЕОИИ билан ҳамкорлик ижобий натижаларга олиб келиши мумкинлигини инобатга олиб, муносабатларнинг илк босқичида «кузатувчи давлат» мақомидан фойдаланган ҳолда иштирок этиш мақсадга мувофиқ деб ҳисоблайди.