Янги ўқув йилида абитуриентлар учун тест синовларида қўлланиладиган тест топшириқлари ўтган йилларда фойдаланилган тест топшириқларига нисбатан соддалаштирилади. Бу ҳақда Давлат тест маркази ахборот хизмати хабар берди.

Жумладан, 2019/2020-ўқув йилида ўтказилган тест синовлари жараёнида тарих ва география фанларидан ёзувсиз харита, жадвал, расмли тест топшириқлари қўлланилган. Абитуриентларнинг тест топшириқларини тез англай олиши, фикрлаш кўникмаларини ривожлантириш мақсадида эндиликда яна чет (инглиз, немис, француз) тилларидан ҳам ҳолатни ифодалашда расмли тест топшириқлари шакллантирилмоқда. ДТМ ушбу ўзгариш олдинги талабдан анча осон бўлишини таъкидламоқда.

Шунингдек, биология ва кимё фанларидан расмли тест топшириқлари сони кўпайтирилаётганлиги айтилган. Она тили ва адабиётдан мустақил ўқиш учун тавсия қилинган бадиий асарлардан ва фанга оид чизмали тест топшириқлари сонини кўпайтириш устида ҳаракатлар олиб борилмоқда.

Хабарга кўра, кимё фанидан шакллантирилаётган тест топшириқлари таркибида назарий саволлар сонининг оширилиши ва лаборатория ишларига оид тест топшириқларини яратиш жараёнлари давом этмоқда.

Физика фани бўйича амалга оширилаётган соддалаштириш ишлари қуйидаги кўринишда акс этади:

  • биринчи қийинлик даражасидаги (энг осон) тест топшириқлари сони 6 тадан 10 тагача кўпайтирилади;
  • жами тест топшириқлари таркибида назарий тест топшириқларининг улуши оширилади;
  • абитуриентларга қулайлик яратиш мақсадида «Доимий физик катталиклар жадвали» ишлаб чиқилган ва у тест синовлари жараёнида тақдим этилади.