27 апрель куни Бухоро вилоятида кузатилган кучли шамол натижасида етти киши турли даражада тан жароҳатлари олди. Бу ҳақда Ўзбекистон ФВВ матбуот хизмати хабар берди.

Айрим туманларда жанубий-ғарбий йўналишда 15−25 м/с (54−90 км/соат) тезликда кучли шамол эсиши натижасида ижтимоий соҳа объектларига, аҳоли яшаш хонадонларига ва дарахтларнинг ағдарилиши натижасида автотраспорт воситаларига зарар етган.

ФВВ Ўзгидрометга таянган ҳолда кучли шамол Тошкент шаҳри ва вилоятида ҳам кузатилиш эҳтимоли мавжудлигидан огоҳлантирди. Фуқаролардан ўзларини эҳтиёт қилишлари ҳамда автотранспорт воситаларини дарахтлар ва биноларга яқин жойларда қолдирмаслик чораларини кўришлари сўралди.

Ҳудудлардан келган хабарларга кўра, кучли шамол 27 апрель куни тунда Қорақалпоғистон ва Хоразм вилоятида ҳам кузатилган.

Аввалроқ пойтахт ҳокимлиги ва ИИББ 28 апрель куни Тошкентда 12−17 м/с тезликда кучли шамол эсиши ҳақида хабар берган эди.