Ижтимоий тармоқларда «Ишлаб чиқаришда иштирок этаётган автоуловларга стикерлар бериш ҳуқуқини олган ДСҚ бўлинмалари ходимлари тадбиркорларга солиқларни ярим йил олдин тўлаш талаб қилаётганлиги тўғрисида» хабарлар тарқалди. Давлат солиқ қўмитаси бундай талаблар борлигини инкор қилди.

Қўмитанинг қайд этишича, ўрта ва кичик бизнес тоифасига кирувчи корхоналарнинг транспорт воситаларига рухсат бериш учун маҳаллий ҳокимият органлари жавобгардир. Ҳисобот даври бошланиши муносабати билан солиқ мажбуриятларини ўз вақтида бажариш зарурати юзага келади. Йирик солиқ тўловчилар эса ҳокимликлардан рухсат олиш имконияти йўқ.

Шу сабабли ДСҚ Республика махсус комиссияси топшириғига кўра, Йирик солиқ тўловчилар бўйича ҳудудлараро давлат солиқ инспекцияси рўйхатига кирадиган йирик солиқ тўловчиларга рухсат берувчи стикерлар беришни бошлади. Бугунги кунда уларнинг сони 779 тани ташкил этмоқда.

Йирик солиқ тўловчиларнинг автомобилларига рухсат берувчи стикерлар my.soliq.uz порталидаги шахсий кабинет орқали амалга оширилади. Бунинг учун электрон ариза юбориш талаб этилади.

Aвтотранспорт воситаларини бошқариш учун рухсатномалар беришда солиқ тўловчилар олдига солиқларни олдиндан тўлаш каби қўшимча шартлар қўйилмайди, дейилади хабарда.

Давлат солиқ хизмати органлари томонидан рухсат берувчи стикерни олиш учун солиқларни олдиндан тўлаш талаб қилинганлиги ҳақида аниқ фактлар ёки корхоналар тўғрисида (71) 244−98−27, (71) 244−98−34 рақамлари орқали ДСҚ матбуот хизматига мурожаат қилиш мумкин.