Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Бухоро, Навоий, Самарқанд ва Қашқадарё вилоятларида аҳоли ҳаёти, инфратузилма тармоқлари ва қишлоқ хўжалиги экинларига катта зарар етказган табиий офат оқибатларини кўздан кечириш, зарур чора-тадбирларни белгилаш ҳамда аҳоли билан тўғридан-тўғри мулоқот қилиш мақсадида Бухорога жўнаб кетди. Бу ҳақда мамлакат раҳбарининг матбуот хизмати хабар берди.

Эслатиб ўтамиз, 27 апрель куни соат 20:00дан 28 апрелгача соат 00:30га қадар Туркманистон ҳудудидан кучли шамол кириб келиб, республиканинг Бухоро, Навоий, Самарқанд ва Қашқадарё вилоятларида сониясига 40 метргача тезликда шамол эсиши кузатилган. Фавқулодда вазиятлар вазирлиги матбуот хизматининг хабар қилишича, шамол натижасида 29 киши енгил, 1 киши оғир тан жароҳати олган бўлса, 1 киши ҳаётдан кўз юмган.

Шунингдек, дастлабки маълумотларга кўра, ушбу табиий офат натижасида вилоят бўйича 5293 та бино, 415 та транспорт воситаси, 42,4 мингта дарахт талофот кўрган ва 295 та табиий газ ва электр таъминотида авариялар содир бўлган ва бунинг оқибатида 138 мингдан ортиқ хонадонлар вақтинча газ таъминотидан узилиб қолган.