Коронавирус пандемияси дунё бўйлаб 2020 йил ноябрда бутунлай тўхташи прогноз қилинмоқда. Сингапур технология ва дизайн университети олимлари ўтказган тадқиқотда бу ҳақда сўз боради.

Тадқиқот мақсади коронавирус пандемияси ҳаёт циклининг эгри чизиғини баҳолаш ва пандемия қачон тугашини прогноз қилишдан иборатдир.

«Инсоният тарихидаги пандемия жараёнлари тўғрисидаги мавжуд маълумотлар ва ҳозирда авж олган коронавирус инфекцияси ҳақида доимий равишда тўпланиб турадиган маълумотлар пандемиянинг тугаш санасини прогноз қилиш учун модель яратишга имкон беради», дейилади олимлар изоҳида.

Олимлар коронавирус пандемияси дунёда ва муайян давлатларда 97 фоизга, 99 фоизга ва бутунлай тугаш саналарини прогноз қилган. Тадқиқотчилар келажакни олдиндан айтиш жуда мураккаб иш эканлигини ва ҳар қандай прогнозни ўқиётганда буни ёдда тутиш кераклигини эслатишган.

Тадқиқот натижаларига кўра, дунё бўйлаб коронавирус пандемияси 2020 йилнинг 27 ноябрига келиб бутунлай тўхтайди. Коронавирус тарқалиши 30 майга қадар 97 фоизга, 16 июнгача эса 99 фоизга тўхташи тахмин қилинмоқда.

Коронавирус инфекцияси энг кўп аниқланган АҚШда инфекциянинг бутунлай тугаш санаси 5 сентябрь, дея прогноз қилинмоқда. Коронавирус ўчоғи бўлган Хитойда инфекциянинг ҳаёт цикли бутунлай тўхташи 9 апрель кунига тўғри келган.


Дастлабки 25 мамлакатда COVID-19 тугаш санасининг учта муқобил прогнози (тахмин қилинган 97% тугаш саналари бўйича).

Коронавирус пандемиясидан чиқишнинг дастлабки санаси бўлган мамлакатлар орасида Ўзбекистон 16-ўринда. Унга кўра, Ўзбекистонда коронавирус инфекцияси бутунлай 20 майга қадар тугаши прогноз қилинмоқда. Шу ўринда, 30 апрель куни 97 фоизга ва 6 май куни 99 фоизга тўхташи кутилмоқда.

Шунингдек, коронавирус инфекцияси қўшни мамлакатлар бўлган Қозоғистонда бутунлай 2 август куни (97% — 5 июнь, 99% — 17 июнь), Афғонистонда эса тўлиқ тугаши 4 сентябрь куни (97% — 22 июнь, 99% — 9 июль) деб келтирилган.

АҚШдаги Жонс Хопкинс университетининг сўнгги маълумотларига кўра, ҳозирда дунё бўйлаб 3,05 миллиондан зиёд одамда коронавирус инфекцияси аниқланган. Бундан 905 662 нафари инфекциядан соғайган, 212 056 нафар бемор вафот этган.